Вилоят ҳокимлигида Президентимиз Фармони билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган юртдошларимиздан 59 нафарига фуқаролик паспортларини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўз олиб, тақдирини Ўзбекистон билан боғлаган, мамлакатимиз фаровонлиги йўлида ҳалол ва виждонан меҳнат қилаётган, ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра фуқаролиги бўлмаган шахсга айланиб қолган инсонларнинг ҳаётий муҳим масалаларини ҳал этишга Юртбошимиз алоҳида эътибор қаратаётганлигини айтиб ўтди.
Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган кишиларнинг узоқ йиллик орзулари ушалмоқда. Бу уларга Конституциямиз ва қонунларимизда белгиланган ҳуқуқларидан тўла фойдаланиш имконини бериш билан бирга, одамларда адолатга, давлатга ишонч туйғусини мустаҳкамламоқда.
– Ўзбекистонда бахтиёр яшаяпмиз. Бугун янада бахтлиман. Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиндим. Кўнглимдаги кемтик тўлди. –дейди Қирғизистон Республикасида туғилган, ҳозирда Андижон туманида яшовчи фуқароМукуйма Джорахонова.- Бунинг учун Президентимизга минг раҳмат!
Бугун уларнинг дилида бир тилак: Юртбошимиз омон, халқимиз тинч, осмонимиз ҳамиша мусаффо, мамлакатимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган ишларимиз бардавом бўлсин.