Вилоятимизда Президентимизнинг шу йил 4 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони ҳамда «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз уй-жойига эга бўлмаганларга турар жой ажратиш каби эзгу ишлар амалга оширилмоқда.
«GM Uzbekistan» қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган замонавий автомобилларни бир марталик навбатсиз сотиб олиш ва уларга бепул техник хизмат кўрсатиш учун имтиёзли сертификатлар тантанали равишда топширилмоқда.
Андижон шаҳрининг Кенгаш МФЙ худудида яшовчи АбдумуталибТожибоев Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. 92 ёшни қарши олаётган отахонбугун фарзандлари, набираю эваралари ардоғида.
– Юртимиз доим тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, – дейди Абдумуталибота. – Биз каби фахрийларга кўрсатилаётган доимий ҳурмат ва эътибор учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз. Кўпдан бери набираларимга автомобиль олиб бериш истагида эдим. Мана бугун Худо хоҳласа, орзуларим ушаладиган бўлди. Президентимизга минг раҳмат.
Абдумуталиб Тожибоев хонадонига ташриф буюрган шаҳар ҳокимлиги, «Нуроний» жамғармаси ва бошқа ташкилотлар вакиллари отахонга Президентимиз номидан имтиёзли сертификат, шунингдек «GM Uzbekistan» қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган замонавий «ДАМАС» автомашинаси, ҳамда қимматбаҳо совғалар топширди.-Инсон - азиз, хотира - муқаддас, – дейди «Нуроний» жамғармаси Андижон шаҳри бўлими раиси Тоҳиржон Тўйчиев. – Уруш йилларида вилоятимиздан кўплаб инсонлар жанггоҳларда иштирок этган. Уларнинг ярмидан кўпи ортга қайтмаган. Айни пайтда шаҳримизда 8 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳаёт. Уларга доимий равишда тиббий ва моддий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Ногиронлик аравачаси ва бошқа зарур воситалар ажратилиб, соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилмоқда. Бу каби эзгу ишлардан фахрийларимиз мамнун бўлиб, юртимиздаги тинчлик-осойишталик бардавом бўлиши, халқимиз фаровонлиги янада юксалишини сўраб, дуо қилмоқда.
Бундай тадбирлар вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.
Рустамжон Эшонов.