Ўзбекистон мактабларида корпоратив бошқарув тизими жорий этилади. Бу ҳақда Халқаро пресс-клуб сессиясида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маълум қилди, дея хабар беради Спутник.
«Бизнинг бошқарув тизимимиз шу вақтгача ўта марказлашган бўлган. Бугунги кунда биз тизимни марказлашишдан тўлиқ чиқариш ва ота-оналарни мактабни бошқаришга жалб қилиш бўйича ишларни олиб бормоқдамиз», — деди Шерматов.
Вазирга кўра, Ўзбекистоннинг ҳар бир мактабида ота-оналар қўмитаси вакилларидан иборат кузатув кенгаши ташкил этилади. Улар тўлалигича мактаб фаолиятига жалб этилиши ва мактабдаги жараённи бошқариши лозим. Бу кенгаш аъзоларига мактаб директорини сайлаш ҳуқуқи ҳам берилади. Мактаб раҳбарлари эса кузатув кенгаши олдида ҳисобот беради.
Шунингдек, кузатув кенгаши мактабнинг молиявий ҳолати тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлади. Бюджетдан қанча маблағ ажратилгани, бу маблағлар қайси йўналишда сарф этилаётгани масалалари шулар жумласидандир.
Кенгаш аъзолари мактабдан ташқари қандай йўналишлар очилиши лозимлигини ҳал этади, ошхоналар ижарасига тарифлар ўрнатиш ҳуқуқига эга бўлади ва мактабнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни аниқлайди.
Daryo.uz сайтидан олинган.