Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш, уларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлаш, республикада инвестиция иқлимини ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, шунингдек прокуратура органларига хос бўлмаган вазифа ва функцияларни чиқариб ташлаш йўли билан уларнинг фаолиятини оптималлаштириш мақсадида:
2019 йил 1 апрелдан:
тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш ва назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширувларнинг қонунийлиги устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (кейинги ўринларда — Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил) томонидан амалга оширилиши;
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларга оид қарорлари назорат қилувчи органлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланиши;
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларнинг қонунийлиги устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш соҳасидаги фаолиятини таъминлашда иштирок эташи белгилаб қўйилди.
Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тасарруфидан Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тасарруфига ўтказилди.
Шунингдек, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўз ваколатларини амалга ошириш доирасида:
назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилади;
назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш тўғрисидаги буюртмаларини кўриб чиқиши ва уларнинг асослилигини ўрганиши;
тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишга розилик бериш ёки рад этиш, шунингдек, уларнинг муддатларини узайтириш ёки кўчириш тўғрисида қарорлар қабул қилиши;
тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун назорат қилувчи органларнинг айбдор мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш бўйича чоралар кўриши;
тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан давлат назоратини амалга ошириш соҳасида ягона ҳисоб ва ҳисобот юритилишини, шунингдек ушбу соҳада назорат қилувчи органларнинг ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти юритилишини таъминлаши;
назорат қилувчи органлар ва тадбиркорлик субъектларига тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш соҳасидаги қонунчилик нормалари қўлланилиши юзасидан маслаҳат ёрдамини кўрсатиши;
тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш соҳасидаги норматив базани ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришда иштирок этиши белгилаб қуйилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг тузилмаси ҳамда штатлар жадвали тасдиқланди.
Мазкур Фармон асосида эндиликда, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ходимлари фаолият кўрсатади.
Қолаверса, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг девони ходимлари ўз ваколати доирасида маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.
Андижон вилоятида фаолият кўрсатувчи Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ходимлари
Манзил : Андижон шаҳар, Миллий тикланиш кўчаси, 24-уй.