Тошкентдаги Симпозиумлар саройида 30 июнь куни Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойи бўлиб ўтди.
Симпозиумлар саройида “Камолот”нинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларидан сайланган делегатлар жам бўлди. Қурултой кун тартибига қўйилган масалаларнинг долзарблигидан келиб чиқиб, унда қатнашиш учун Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди. Шунингдек, видеоконференция орқали Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари, ҳудудлардаги ёшлар қатнашди.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Б.Мамадалиев, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси А.Данияров, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети магистранти О.Тўйчиев, “Result” ўқув маркази раҳбари А.Саъдуллаев, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси М.Раимқулова, Сирдарё вилоятидаги “Сарвиноз Собиржоновна Файзи” фермер хўжалиги раҳбари С.Шокирова ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевга ёшларга қаратилаётган алоҳида эътибор учун миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи навқирон авлод орасига чуқур кириб борадиган муҳим институтга айланишини таъкидлади.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси этиб Қаҳрамон Қуронбоев сайланди.