Жорий йилнинг 22 октябр куни ижтимоий тармоқларнинг "YouTube" платформасида Андижон вилояти Пахтаобод тумани Шувоқзор-Бойкечик маҳалласи Мирзо Улуғбек кўчасида яшовчи 1952 йилда туғилган Шерқўзиева Мавлудахон аяни Президентимизга видео мурожаатлари эълон қилинган эди.
Андижон вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати Пахтаобод тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда мурожаатни зудлик билан ўрганиш юзасидан мурожаатчи аёл истиқомат қиладиган манзилга бордилар.
Лекин мурожаатчи аёл хонадонида йўқлиги маълум бўлди. Шундан сўнг видео мурожаатда эълон қилинган телефон рақамига қўнғироқ қилганимизда, телефонни олган Холмирзаева Асилзода исмли аёл, мурожаатчи аёлни унинг хонадонида, Уйғур қишлоғи Учқўрғон маҳалласида эканлигини маълум қилди. Холмирзаева Асилзода хонадонида видео мурожаат қилган аёл Шерқўзиева Мавлудахон ая билан учрашдик.
Асилзода Холмирзаева мурожаатчи Мавлудахон аяни опам деб таништирди. Видео мурожаат ҳам айнан шу хонадонда, Асилзода Холмирзаеванинг турмуш ўртоғи Қимизов Жўрабек томонидан бир ҳафта олдин олинганлиги ва ижтимоий тармоққа жойлаштирганлиги маълум бўлди.
Ўрганиш натижасида Жўрабек Қимизов шахсий автоуловида Россия давлатига киракашлик қилиши ва ҳозирги кунда ҳам Россия давлатига чиқиб кетганлиги аниқланди. Мурожаатчи видео мурожаатида якка-ёлғизлиги, фарзандлари йўқлиги, ака-укалари уйидан ҳайдаб чиқарганликлари, кўзи кўрмаётганлиги, даволаниш учун маблағи йўқлиги, жамоатчиликни эътибори йўқлигини даъво қилиб, юртбошидан уй-жой сўраган.
Ўрганиш натижасида эса, Мавлудахон аяни ўғли борлиги, иккита невараси, келини билан бирга яшаши, 9 нафар ака-укаси ва сингиллари борлиги, маҳалла томонидан оилага нисбатан ижобий фикр берилганлиги, соғлигидан хабардор бўлиб туриш мақсадида патронаж ҳамширалар бириктирилганлиги, етарли иш стажига эга бўлмаганлиги туфайли, кексалик ижтимоий нафақаси тайинланиб, видео мурожаатда айтганидек 200 минг сўм эмас, бугун 317 минг сўм миқдорида қарилик нафақаси олаётганлиги аниқланди.
Аянинг ака-ука ва сингиллари мурожаатдан ҳижолат эканликларини, оила аҳиллигини, жигарлар 30 сотихли ҳовлида бирга яшаши, аяни кийим-бошидан муаммо йўқлиги, маҳалла томонидан моддий ёрдам тайинланиб, олганлиги, номаврид бўлсаям айтишимиз жоиз, байрамларда ая ҳолидан хабар олинаётганлиги, ўғли Исмоилжон бир неча маротаба кўзларини даволатиш учун шифохонага олиб бораман деганида, қаршилик кўрсатганлиги аниқланди.
Аслида воқеа қуйидагича бўлган. Асилзода Холмирзаеванинг қайнонасини айтиши бўйича, Мавлудахон ая Асилзоданинг хонадонида уй юмушларига қаралишиб юради. Видео мурожаатдаги айтилган барча гапларни ҳам Асилзода ва унинг турмуш ўртоғи Жўрабек ўргатганлигини Мавлудахон ая суҳбат давомида айтиб берди.
Куннинг иккинчи ярмида Мавлудахон ая Пахтаобод тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Одинахон Хайиталиева томонидан қистов орқали, зўрға Андижон давлат тиббиёт институти клиникасининг кўз касалликлари бўлимига олиб келинди. Бўлимда малакали шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилганда, беморда чап кўз кексалик катарактаси кўз касаллиги аниқланди. Бўлим бошлиғи, олий тоифали шифокор Азиза Аҳмаджонованинг айтишича, онахон уч кун давомида амалиётга тайёрланиб, чап кўзига сунъий гавҳар қўйилади. Мана шундай қилиб, ўрганишимиз хайрли якун топди. Мавлудахон аянинг кўзлари оқу қорани янаям яхшироқ кўришига сабабчи бўлдик.
Ижтимоий тармоқ орқали ёлғон хабар тарқатган фуқаролар эса, қонун олдида жавоб беришлари муқаррар.
P.S: Бизни кузатишда давом этинг, мавзу юзасидан тайёрланган видео лавҳа ижтимоий тармоқларимиз орқали эълон қилинади.
Андижон вилояти ҳокимлиги
Матбуот хизмати.