Андижон шаҳридаги “Тошкент Премиум” тантаналар саройида “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” муносабати билан байрам тантанлари бўлиб ўтди. Унда миришкор боғбонлару уста пахтакорлар, пилла илмининг билимдонлари ва механизаторлар ҳамда жорий йилнинг ҳосилини йиғиб олишда ўз ҳиссаларини қўшган барча соҳа вакиллари бир пиёла чой устида йил сарҳисобини қилдилар.
Йиғилганларни вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов қутлар экан, аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қишлоқ хўжалиги ходимларига байрам муносабати билан йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан «Меҳнат шуҳрати» ордени билантақдирланган Қўрғонтепа туманидаги «Оқ-сув» фермер хўжалиги бошлиғи Алижон Аҳмедов, «Дўстлик» ордени билан тақдирланган Андижон вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси мева-сабзавотчилик, узумчилик ва картошкачилик бўлими бошлиғи Абдумуталиб Сулайманов, «Шуҳрат» медалига муносиб кўрилганлар Жалақудуқ туманидаги «Ал-Ҳасанбой бек боғи» фермер хўжалиги бошлиғи Хасанбой Кимсанов, Андижон шаҳридаги «Сапфир саноат» МЧЖ директори Камардин Куватовларга орден ва медалларини топширди.
Бир гуруҳ мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳосилни йиғиб-териб олишдаги фидокорона хизматлари учун вилоят ҳокимининг Фахрий Ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар. Ўзбекистон Республикаси “Қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишонига қишлоқ хўжалигида эришган улкан ютуқлари, аҳолига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришдаги хизматлари ҳамда соҳани ривожлантиришдаги меҳнатлари учун вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳам муносиб кўрилди.
Тантаналардаги шўх куй ва қўшиқлар йиғилганларга янада кўтаринки кайфият бахш эдти. Айниқса, Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраевнинг дилбар қўшиқлари меҳнаткашлар учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди.
Вилоят ҳокимлиги Матубот хизмати бўлими