Мақом ижрочилиги энг қадимий санъат турларидан. Унга IХ-Х асрларда Марказий Осиё ва Шарқ мамлакатларида ижтимоий-маданий ҳаётга таъсир кўрсата олган жонбахш омил сифатида қаралган. Ўзбек мақом санъати минг йиллик тарихга эга. Юртимиздаги “Шашмақом“, “Хоразм“, “Фарғона-Тошкент“ мақомлари куйнинг ўзига хос мавқеи ва ижрочилик йўли билан ажралиб туради. Унинг ривожланиши ва асрлар оша сайқал топишида давр, замон, ижтимоий воқелик муҳим унсур сифатида ўз таъсирини кўрсатган.
Юртимизда мақомчилик санъатининг тараққий этишида академик Юнус Ражабийнинг ҳиссаси катта. Унинг ҳаракатлари билан 1959 йилда биринчи маротаба ўзбек тилида “Ўзбек халқ мусиқаси” номли олти жилдлик Шашмақом антологияси тузилган.
Мақом ўзбек ва тожик халқларида бир хил номда, Озарбайжонда – муғом, Эронда – нуғба, уйғурларда – муқом деб юритилади ва улар бир маънони англатади. Мумтоз оҳангларимизнинг илдизи битта. Фақатгина айрим фарқлар ва ўзига хосликлар мавжуд. Уйғур мақоми ижросида гўзал қочиримларга эътибор кучлироқ, тожик халқида мақом оҳанглари ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Ўзбек мақоми сўзларидаги бой маъно барча замонларда эътироф этилган. Туркий халқлар мақомида умумий жиҳат куй авжи ва тугалланишига алоҳида аҳамият қаратилишидир. Авж пардалари баландроқ, якуний қисм дилга хуш ёқувчи нафис ижро этилади.
Мақом жуда йирик туркум. У бошқа мусиқа асарлардан мукаммаллиги, куй ва шакл тизимларига эга экани билан фарқланади.
“Шашмақом” ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. Президентимизнинг “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, ташаббуси билан ҳар икки йилда Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъат анжумани ўтказилиши белгиланди. Бу хайрли ишлар асрлар давомида халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган, қадимий тарихи, теран фалсафаси, бетакрор жозибаси билан инсониятга руҳий қувват бериб келган мақом барҳаёт яшашини англатади.
Биринчи маротаба ўтказилаётган Халқаро анжуманда кўплаб хорижий давлатлардан машҳур хонанда, созанда, мақом билимдонлари иштирок этмоқда. Ташкилотчилар орасида туркий мақом санъатидан бохабар кўплаб олимлар фаолият олиб бормоқда. Тадбир доирасида илмий-амалий конференциялар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Нуфузли тадбирда миллий мумтоз санъатимиз жозибаси намойиш этилиб, маҳаллий ва хорижлик мусиқашунослар, олимлар, хонанда ва созандалар ўзаро фикр алмашмоқда. Бу каби танловлар дунё халқларининг мусиқий тафаккури, дунёқараши янада бойишига, маънавий меросга алоҳида меҳр қўйишига хизмат қилади.