Фирдавс хотирасида 2016 йилнинг ҳар бир куни, ҳар бир лаҳзаси сақланиб қолди. Чунки уларнинг ҳар қайсиси Бразилиянинг Рио-де Жанейро шаҳрида ўтказилган XV Паралимпия ўйинларига тайёргарлик ва оламшумул ғалабанинг қўлга киритилиши, халқ олқишлари билан боғлиқ онлардир.
Польша. Шитсон шаҳри. Рио-де-Жанейрога йўлланма берувчи халқаро турнир. Андижонлик Фирдавс Мусабеков 100 метрга брасс, 50 метрга эркин ва 200 метрга комплекс усулда сузишда 3 та лицензияга эга бўлди.
Бразилияга бориш ва жаҳоннинг энг кучли паралимпиячилари билан беллашишнинг ўзи катта бахт. Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиш, юқори натижаларни кўрсатиш имкониятидан фойдаланиш зарур.
Таниқли устоз, сузиш ва триатлон бўйича Осиё чемпиони Нодирбек Абдуллаев раҳбарлигида алоҳида режа асосида машғулотлар бошланди. Уларнинг бутун ўй-фикри Олимп чўққисини эгаллаш учун жисмонан, тактик ва руҳий тайёргарликка қаратилди. Бу Риога жўнаб кетгунга қадар 6 ой давом этди.
Бразилияда мамлакатимиз паралимпиячиларини ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олишди. Кўчаларда миллати, ирқи турлича бўлган кексаю ёш «Ўзбекистон» дея олқишлар, бирга суратга тушишга ошиқардилар. Бунинг сабаби оддий. Паралимпия ўйинларига қадар Риода бўлиб ўтган XXXI олимпиадада мамлакатимиз, айниқса боксчиларимизнинг муваффақиятлари барчани лол қолдирганди. Ўшандаёқ Фирдавс мамлактимиз байроғи юқори кўтарилиши учун имконият даражасидан ҳам кўпроқ куч топа олиши кераклигини англаганди.
XV Паралимпия ўйинларининг сузиш бўйича дастлабки кунги мусобақаларида мамлакатимизнинг бирдан уч вакили совриндор бўлди. Улардан икки нафари андижонликлар - Муслима Одилова кумуш ва Музаффар Турсунхўжаев бронза, шунингдек, тошкентлик Кирилл Паньков бронза медалларини қўлга киритдилар. Бу республикамиз вакиллари учун байрамга айланиб кетди.
- Риодаги Олимпия шаҳарчасида қад ростлаган 20 қаватли қатор биноларнинг бирида пахтаободлик Музаффар Турсунхўжаев билан бир хонада турдик, - дейди Фирдавс. - У билан Андижон Олимпия захиралари коллежида тахсил кўрганмиз. Ҳамхонамнинг ўша кунги қувончи чексиз эди. Эртаси кунги мусобақа олдидан кайфиятим зўр эди. Музаффар, Муслима ва Кириллнинг ютуқлари ўзимга бўлган ишончни мустаҳкамлади.
Маҳобатли спорт аренаси. 100 метрга брасс усулида сузиш иштирокчилари таклиф этилди. Испания, Бразилия, Австралия, Беларусь, Украина вакиллари билан Фирдавс Мусабеков старт чизиққа турди. Мутахассислар ва журналистлар бу мусобақада бир неча бор жаҳон Паралимпияси ўйинлари ғолиби, украиналик Алексей Фейдин биринчи ўринни қўлга киритишига шубҳа қилишмасди. Совриндорлар ҳақида гап борганда ҳеч ким андижонлик атлетни эсламасди.
Старт берилди. Дастлабки 50 метрли масофадаги баҳслар мутахассислар башорати тўғрилигини кўрсатди.Алексей олдинда, Фирдавс эса кейингилар қаторида сузиб борарди.
Ҳал қилувчи 50 метрлик босқичда андижонлик атлетнинг олдинга шиддат билан ташланиб, рақибларини бирма-бир ортда қолдириши кутилмаган ҳол бўлди. У фаворитга етиб олди ва ўзиб кетишига бир сония қолди. Фирдавс ва Алексей бир хил - 1 минут 4 ония натижа билан маррани биринчи бўлиб кесиб ўтдилар ва уларнинг иккиси ҳам олтин медаль билан тақдирланишди.
Мамлакатимиз паралимпиячилари «Рио-2016» дан ёруғ юз билан мағрур қайтдилар. Андижонликлар Ўзбекистон жамғармасига муносиб улуш қўшдилар. Яна бир қизимиз Шоҳсанам Тошпўлатова сузиш бўйича бронза, Сафия Бурхонова ядро улоқтиришдан кумуш, енгил атлетикачимиз Мансур Абдурашидов югуриш баҳсларида бронза медалларини қўлга киритишди.
Тошкент аэропортида паралимпиячиларимиз катта шоду хуррамлик, карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Уларни давлат ва санъат арбоблари, қариндош-уруғ, ёру дўстлар гулдасталар билан қарши олдилар. Барча табриклашга ошиқарди.
/олиб ва совриндорлар Президент совғаси - мукофот пуллари ва «Малибу» автомобиллари билан тақдирландилар. «Ucell» компанияси офисида уларга уяли телефон ва модемлар, «КорзинкаУз» гипермаркетида 1 миллион сўмга хоҳлаганча харид қилишлари учун чеклар топширилди.
XV Паралимпия ўйинлари пешқадамлари юксак давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Фирдавс Мусабеков «Ўзбекистон ифтихори», устози Нодирбек Абдуллаев «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий» унвонлари билан мукофотландилар.
Бахти кулган йигит муваффақиятларининг асоси Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг доно сиёсатида эканлигини яхши билади. Паралимпиячилар Самарқандга боришиб, улуғ инсон қабрини зиёрат қилдилар, таъзим бажо этдилар.
Фирдавс Андижон темир йўл вокзалидаги учрашувларни ёдидан чиқармайди. Вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмоновнинг табриклари, онаси Шоирахон опанинг фахр тўла кўзлари, минглаб андижонликларнинг олқишларини унутиб бўладими?
Андижон шаҳри, Қўшариқ даҳасидаги чемпион туғилиб ўсган кўп қаватли бино атрофи қўшнилар, дўстлар, ўзи таҳсил кўрган 21-умумтаълим мактаби, Олимпия захиралари коллежи ўқувчилари, қўйингки Фирдавсни билган ва билмаган одамлар билан тўла эди. Карнай-сурнайлар янграр, дош қозонда палов дамланарди.
- Сен мамлакатимиз нуфузини баланд кўтардинг, - деди Шоирахон опа ўғлини бағрига босиб. - Юрт эса сени улуғламоқда.
Риони забт этган андижонлик ўғлон яна тўрт йилдан сўнг Японияда ўтказиладиган ёзги олимпия ўйинларида ҳам олтин медални қўлга киритмоқчи. Бунинг учун унда имконият етарли. Фирдавс энди 19 ёшда. Маҳорати ўсиб бориши учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Устози Нодирбек Абдуллаев анойи мураббийлардан эмас. Энди барча куч «Токио-2020» ни забт этишга қаратилади.
Суратда: XV Паралимпия ўйинлари ғолиби Фирдавс Мусабеков.
манбаа: auz.uz