Ўн икки йилдан сўнг Қирғизистондаги Бобур номли ўзбек мусиқали академик драма театри жамоаси Ўзбекистонга гастроль сафари уюштирди.
Бугун эрталаб Андижон вилояти Хўжаобод тумани “Дўстлик” божхона постида меҳмонлар карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Икки вилоят театр ижодкорларининг учрашуви самимий суҳбатларга уланиб кетди. Вилоят марказидаги Бобур майдонида буюк саркарда, шоҳ ва шоир Заҳиридди Муҳаммад Бобур хотираси ёд этилди, унинг ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Андижон давлат университетида бўлиб ўтган учрашув ҳам мазмунли, таассуротларга бой бўлди.
-Ушбу ижодий сафар Ўзбекистон ҳукуматининг таклифига биноан амалга оширилди, - дейди Бобур номли ўзбек мусиқали академик драма театри директори Набижон Мамажонов. – Труппамизда турли миллатга мансуб 40 нафар актер меҳнат қилади. Улар ижросидаги “Ботир Манас” спектаклини Андижон, Наманган ва Фарғона шаҳарларида намойиш этишни режалаштирганмиз. Сўнгги бор бундай ижодий дийдорлашув 2005 йилда ташкил этилган эди.
Дўстлик ришталарининг тикланиши айнан Бобур Мирзо таваллуди арафасига тўғри келганлигида ҳам рамзий маъно бор. Буюк салтанат асосчиси адабиёт ва санъат орқали халқларни бирлаштирган, эл-улус фаровонлиги йўлида улкан ишларни амалга оширган. Унинг ёрқин сиймоси бугунги кунда ҳам эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.