Андижон давлат университетида “Энг намунали синф сардорлар кенгаши” танловининг Республика босқичи бўлди.
“Кaмoлoт” ёшлaр ижтимoий ҳaрaкaти қoшидaги “Кaмaлaк” бoлaлaр тaшкилoти томонидан ўтказилган беллашувда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлардан 14 та жамоа иштирок этди.
Танлов умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг етакчилик қобилияти ва ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш, илғор ютуқларни оммалаштириш, таълим муассасалари сардорлар кенгаши аъзоларининг тажриба алмашишлари учун қулай имконият майдонига айланганини таъкидлаш жоиз. Қуйи босқичларда 400 мингга яқин ўғил-қизлар билим ва салоҳиятларини синовдан ўтказишди.
Тантанали очилиш маросимида “Туркистон” газетаси бош муҳаррири Фахриддин Каримов, “Бунёдкор” ёшлар телеклуби ижрочи директори Муқаддас Қамбарова, вилоят “Камалак” болалар ташкилоти раиси Гулноза Сатимова сардорлар кенгашининг умумтаълим мактаби ҳаётидаги аҳамияти, фаолиятни янада ривожлантириш йўллари ҳамда келгусидаги режалар хусусида сўз юритиб, қатнашчиларга омад тиладилар.
Жамоалар учта шарт асосида беллашдилар. Дастлабки икки шартда қатнашчилар синф сардорлар кенгашининг иш тажрибасини таништириб, таълим муассасаларида ҳудудий муаммоларни ечишга қаратилган ижтимоий лойиҳаларини ҳакамлар эътиборига ҳавола қилдилар. “Интеллектуал ринг” номли савол-жавоблар шартида эса ўқувчиларнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий йўналишдаги билимлари синовдан ўтказилди.
- Беллашув шартларига узоқ тайёргарлик кўрдик, - дейди Қашқадарё вилоятининг “Камалак ғунчалари” жамоаси аъзоси Ҳилола Эшмуродова. – Мактабимиздаги ҳар бир синфда сардорлар кенгаши тузилган. Улар мустаҳкам билим эгаллашимизга, ҳар томонлама намунали ўқувчи бўлишимизга ёрдам беради. Андижонга келиб, турли вилоятлардан кўплаб тенгқурларимиз билан танишдик, таълим даргоҳимиздаги шароитлар ва ютуқларимизни ўртоқлашдик.
- Мен анча тортинчоқ эдим, - дейди Самарқанд туманидаги 43-мактаб 6-синф ўқувчиси Мадина Муродова. – Сардорлар кенгашига аъзо бўлгач, илғор тенгдошларимдан дадилликни, турли тадбирларда, кўпчиликнинг даврасида фикрларимни эркин айтишни ўргандим.
- Чиндан ҳам танловнинг таълим жараёнидаги ва ёшларни қўллаб-қувватлашдаги аҳамияти катта, - дея суҳбатга қўшилди мазкур мактабдаги “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти етакчиси Дилноза Саломова. – Бугунги кунда энг муҳим жиҳатлардан бири давомат масаласи. Финал босқичига мазкур муаммони бартараф этишга қаратилган тажрибамизни ижтимоий лойиҳа сифатида олиб чиқдик. Мактабимизда уч йилдан буён тартиб-интизом, дарсларни ўзлаштириш, тозалик ва ободончилик, билимлар беллашувидаги фаоллик каби 10 та йўналиш бўйича йиллик танлов эълон қилинади. Ҳар ой якунида синфларга бириктирилган сардорлар умумий натижа юзасидан ҳисобот беришади. Ўқув йили охирида ота-оналар, маҳалла ҳамда ҳудуддаги фермерлар ҳомийлигида энг яхши кўрсаткичга эга бўлган синф ўқувчиларини Бухоро ва Тошкент шаҳарларига саёҳатга олиб борамиз. Мана шундай рағбат натижасида ўқувчиларнинг деярли 99 фоизи мунтазам равишда дарсга қатнашадиган бўлди ва уч йилдирки, мактабимиз тумандаги намунали муассаса сифатида тилга тушди.
Қизиқарли тарзда кечган танловда ўқувчилар шу каби турли лойиҳаларни амалга ошириш йўлларини кўргазмали воситалар, саҳна кўринишлари ёрдамида ифодалаб бердилар. Дастурдан турли маданий-маърифий тадбирлар ҳамда меҳмонларнинг вилоятимиздаги диққатга сазовор масканларга саёҳати ўрин олган.