Бош саҳифа / Янгиликлар / Шуҳрат Абдураҳмонов: Эришилган ютуқлар ўзимизники, аммо бу натижалар ҳоким сифатида шахсан мени қониқтиргани йўқ
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Шуҳрат Абдураҳмонов: Эришилган ютуқлар ўзимизники, аммо бу натижалар ҳоким сифатида шахсан мени қониқтиргани йўқ

"Ҳаммамиз яхши биламизки, Андижон вилояти мамлакатимизнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида жуда муҳим, айтиш мумкинки, стратегик ўрин тутади."

Шавкат Мирзиёев

Андижон вилояти – 1941 йил 6 мартда ташкил топган. Фарғона водийсининг шарқий қисмида жойлашган. Майдони 4,3 минг км². Аҳолиси 3 миллион 300 минг нафардан зиёд. Вилоят ҳудудида Андижон, Хонобод шаҳарлари ҳамда 14 та туман таркибида 885 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд.Вилоятда қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, енгил саноат, фармоцевтика соҳалари ривожланган. Айниқса, кейинги уч йил ичида қурилиш, ободонлаштириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни алоҳида эътироф этиш ўринли.


– Ҳурматли Шуҳрат Қўшақбоевич! Барчамиз яхши биламизки, Андижон мамлакатимиздаги ўз ўрнига, юқори салоҳиятга эга вилоят ҳисобланади. Айтингчи, якунланган 2019 йил Андижон ва андижонликлар учун нима берди? Ҳоким сифатида фаолиятингиздан қониқиш ҳосил қилдингизми?

   


– Умуман олганда, якунланган йил Андижон ва андижонликлар учун омадли йиллардан бири бўлди, деб бемалол айта оламан. Албатта, йил бошида амалга ошириладиган энг муҳим устувор вазифалар белгилаб олинади. 2019 йилда кўплаб соҳаларда кўзланган режа ва мақсадларимизга эриша олдик. Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар, дастурлар ижроси тўлиқ таъминланди.

undefined">Якунланган йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 112,8 фоизга, чакана савдо айланмаси 105,7 фоизга, хизмат кўрсатиш соҳаси қарийб 108,5 фоизга, капитал қурилиш 106,9 фоизга ўсди. Аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳудудларни обод қилиш борасидаги ишларимиз режа асосида амалга оширилди.

2019 йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифи чоғида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий, маданий ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли тарихий режалар тасдиқланди. Жумладан, 2019-2020 йилларга мўлжалланган вилоятнинг инвестиция дастури ишлаб чиқилди.


   

Андижонда 908 та лойиҳа доирасида 35 минг 500 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган

Дастурга асосан, икки йил давомида қиймати қарийб 25 триллион 181 миллиард сўм, ёки 3 миллиард АҚШ долларига тенг 908 та лойиҳа амалга оширилиши, бунинг натижасида 35 минг 500 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 3,2 триллион сўм инвестиция ўзлаштирилиши ҳисобига 611 та лойиҳа фойдаланишга топширилди. Натижада 16 минг 897 та янги иш ўрни яратилди. Хусусан, пахта ва ғалладан юқори ҳосил олинди. Вилоят давлатга ғалла топшириш режасини 114,2 фоизга, пахта сотиш режасини 107,6 фоизга бажарди. Ҳар гектар ғалладан 65,5 центнердан, пахтадан 32,5 центнердан ҳосил етиштирилди. Пахтачилик соҳасида кластер тизимининг жорий этилганлиги эришилган ютуқларда муҳим роль ўйнади.

 

 

Пахтачилик соҳасида кластер тизими жорий этилди



2019 йилда 178 гектар майдонда янги интенсив боғлар барпо этилди. Вилоятда 359 минг тонна мева, 65 минг 300 тонна узум, 1 миллион 621 минг 800 тонна сабзавот, 144 минг 200 тонна полиз маҳсулотлари, шунингдек, 306 минг 100 тонна картошка етиштирилди. Шундан 125 миллион доллар миқдоридаги мева-сабзавот экспорт қилинди.

Вилоятда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳалар амалга оширилиб, ижобий натижаларга эришилди. Хусусан, 2019 йилда 122 та ҳудудий лойиҳалар доирасида жами 290 миллион доллар миқдоридаги ҳорижий инвестиция ўзлаштирилди.

2019 йилнинг 19-20 октябрь кунлари “Open Andijan” I-Халқаро инвестиция форуми ўтказилди. Мазкур форумда 31 та хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан 325 та ва Ҳиндистоннинг Гужорат штати катта вазири Виджай Рупани бошчилигидаги 57 та юқори мартабали меҳмонлардан иборат делегация иштирок этди.


 


  

“Open Andijan” I-Халқаро инвестиция форуми ўтказилди

Форум доирасида Андижон вилояти тадбиркорлари томонидан жами 406 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига 22 та лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар ҳамда 60 миллион доллар қийматдаги 12 та экспорт шартномаси имзоланди. Бундан ташқари, 2019 йил давомида хорижий давлатларнинг бизнес ҳамжамиятлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, жумладан 14 та давлатдан келган 138 нафар хорижий инвесторлар билан учрашувлар ўтказилди.

 

Айни кунда вилоятда 312 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда, улар томонидан 27,4 миллион АҚШ доллари миқдордаги маҳсулот экспорт қилинди. 2019 йилда 290 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция ҳисобига 128 та лойиҳа амалга оширилди. Экспортёр корхоналар томонидан 189,9 миллион доллардан ортиқ қийматдаги маҳсулотлар дунёнинг 26 давлатига экспорт қилинди.

Тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес юритиш учун қулай шароит яратиш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айни пайтда вилоятда 27 мингдан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 6059 таси 2019 йилда ташкил этилди.

Вилоятда ҳафтанинг уч куни “Тадбиркорлар куни” деб белгиланган. Шахсан ўзим, ўринбосарларим, туман, шаҳар ҳокимлари туну кун тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, самарали фаолият юритишлари учун имкон қадар зарур ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури доирасида вилоятдаги танлаб олинган 42 та маҳаллада кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишлари учун қарийб 307 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди. Вилоят марказида 14 та, туманларда 49 та янги кўп қаватли уйлар, шунингдек, 227 та 2 сотихли намунали уйлар барпо этилди.

 

 

“Обод қишлоқ” дастури доирасида қарийб 307 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди

Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи чоғида Хонобод шаҳрини туризм марказига айлантириш бўйича берган топшириқлари ижроси доирасида Хонобод шаҳрида катта хажмдаги қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, умумий лойиҳа қиймати 120 миллиард сўм бўлган “Хонтоғ” сиҳатгоҳи қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, 3 минг нафар сайёҳга мўлжалланган 1 мингдан ортиқ дам олиш уйлари барпо этилди.

Вилоятда 9 та туристик йўналиш бўйича сайёҳлик хизмати йўлга қўйилди. Бир вақтнинг ўзида 1 минг нафарга яқин сайёҳни қабул қилиш имконига эга 16 та замонавий меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда. Шу йилнинг ўзида 15 та меҳмон-уй ташкил этилди.

 

 


 

Андижонда 2019 йилда 543 та мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилди
 

Вилоятда 2 та давлат, 541 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилди. Мазкур йўналишда кейинги икки йил ичида бир неча ўн йиллар давомида қилинмаган ишлар амалга оширилди.

Агар фактларга мурожаат этадиган бўлсак, 2018 йил бошида вилоят бўйича жами 451 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритган бўлиб, бола қамрови 61 минг 562 нафарни, яъни 27,7 фоизни ташкил этган, бугунги айни кунда мактабгача таълим ташкилотлари сони 1 минг 176 тага етиб, боғча ёшидаги болаларнинг мактабгача таълимга қамрови 52,1 фоизга оширилди.
 

2019 йил вилоятимиз спортчи-ёшлари учун янада омадли келганлигини алоҳида эътироф этишим жоиз. Жумладан, спортчиларимиз мамлакат биринчиликлари ва халқаро мусобақаларда 717 та олтин, 891 та кумуш, 949 та бронза, жами 2557 та медалларни қўлга киритди.

  

Бу натижалар албатта, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан спортга, хусусан болалар спортига кўрсатилаётган эътиборнинг самарасидир. 2019 йилда Инвестиция дастури асосида Андижон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатига 10 миллиард сўм маблағ ҳисобига 400 ўринли ётоқхона қурилди. Шунингдек, Хонабод, Андижон, Қорасув шаҳарлари, Олтинкўл, Шаҳрихон туманларидаги болалар спорт муассасаларида реконструкция ишлари амалга оширилиб, спортчилар учун зарур барча шароитлар яратилди.

Бундан ташқари, Андижон шаҳридаги “Теннис корт” мажмуасини капитал таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш учун 2,5 миллиард сўм, Андижон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатининг “Соғлом авлод” футбол ўйингоҳи капитал таъмирлаш учун 17 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Шунингдек, 15 миллиард сўм маблағ эвазига “Баркамол авлод” спорт мажмуасида Марказий Осиёда ягона бўлган чим устида хоккей ўйингоҳи фойдаланишга топширилди.

Эришилган ютуқлар ўзимизники, аммо бу натижалар ҳоким сифатида шахсан мени қониқтиргани йўқ. Андижон вилояти улкан имкониятларга эга бўлиб, уларни тўлиқ ишга солиш ва унумли фойдаланиш учун ҳали жуда кўплаб ишларни амалга оширишимиз керак.

– Сир эмаски, кейинги йилларда Андижонда фармацевтика соҳаси жадал ривожланмоқда. Ишлаб чиқарилган дори-дармон, тиббий жиҳозлар савдосида муаммолар юзага келмаяптими?

– Дарҳақиқат, кейинги йилларда вилоятимизда фармацевтика соҳаси жадал ривожланиб бормоқда. 2018 йилда мазкур йўналишда умумий қиймати 105,5 миллиард сўм бўлган 7 та лойиҳа амалга оширилган бўлса, 2019 йилда қиймати қарийб 150 миллиард сўмга тенг бўлган 10 та лойиҳа амалга оширилди.

2019 йилда вилоятимизда фармацевтика соҳасини риожлантириш борасида Юртбошимиз томонидан муҳим ҳужжат қабул қилинди. Яъни, Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 14 январдаги “Андижон-Фарм” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унинг ижроси доирасида қатор ишлар амалга оширилди.

 

“Андижонфарм” эркин иқтисодий зонасида 915 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган
 

Хусусан, Андижон тумани ҳудудида фармацевтика корхоналари фаолиятини йўлга қўйиш учун 52,7 гектар майдонда эркин иқтисодий зона ташкил этилди.

Муҳтарам Президентимиз бошчилигида Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Ҳиндистон давлатига қилинган ташрифи доирасида жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлган қатор компаниялар билан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришдик.

“Андижонфарм” эркин иқтисодий зонасида 2019-2021 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган умумий қиймати 852,6 миллиард сўм бўлган 9 та фармацевтика саноати йўналишидаги лойиҳалар жойлаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳаларни амалга оширилиши ҳисобига 2,8 трилион сўмлик, хусусан, 5 миллион доллар миқдордаги импорт ўрнини босувчи ва 15,5 миллион доллар миқдоридаги экспортбоп фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконига эга қувватлар ишга туширилиши ҳамда 915 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

 

 

“Андижонфарм” эркин иқтисодий зонасида ишлаб чиқариш жараёни
 

Ҳозирга қадар эркин иқтисодий зонада фармацевтика йўналишида ишга туширилган лойиҳалар доирасида 86 турдаги дори воситалари, тиббий буюмлар ҳамда биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Натижада кўплаб дори-дармонларнинг юртимизга четдан олиб келинишига чек қўйилди, импортга сарфланаётган валютани тежаш имкони яратилди.

Сифатли, белгиланган барча талаб ва меъёрларга тўла жавоб бера оладиган ана шу маҳсулотлар ҳозирда асосан ички бозорда реализация қилинмоқда. Нисбатан арзон ва сифатли ушбу маҳсулотларга нафақат вилоятимиздаги, балки бошқа вилоятлардаги тиббиёт муассасаларидан буюртмалар келиб тушмоқда. Фармацевтика маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

– Вилоятда оилавий ажримлар даражаси нисбатан юқори. Бу ҳолатнинг асл сабаби нимада?

– Оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор бўлади. Жамият, оила ва шахс бир-бирисиз мукаммал, бахтиёр бўла олмаслиги ҳаётий ҳақиқат. Шу маънода оиланинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, мустаҳкамлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. 

Вилоятдаги 787 минг оила таркибида юқорида таъкидлаганимдек, 3 миллион 300 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ҳар йили вилоятимизда 30 мингтадан ортиқ янги оилалар барпо бўлади. Хусусан, 2019 йилда ҳам қарийб 30 мингта янги оила қурилди.

Ажримларнинг олдини олиш бўйича ўтган йилнинг бошида вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, прокуратура, ички ишлар бошқармаси, Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди ҳамда 13 та вилоят ташкилоти ҳамкорлигида Қўшма чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, уни амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилди.

 

 РАСМ 

Оилавий ажримларни олдини олиш ҳамда унинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш борасида манзилли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, вилоят, шаҳарлар, туманлар ҳокимларининг ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмиталари раисларининг 2019 йил учун амалга оширилиши мўлжалланган ишлар бўйича йўл хариталарига киритилиб, ижроси юзасидан мониторинг олиб борилди.

Оилаларни мустаҳкамлигини таъминлашда давлат ва жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтириш масаласи 2 маротаба халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясига киритилди. Сессия қарори билан фуқаролик ишлари бўйича судларга оилавий ажрим масаласида қилинган мурожаатларда жамоатчилик вакилларининг иштироки йўлга қўйилди.

Оилавий ажрим масаласида тегишли идораларга мурожаат қилган оилалар билан ишлашда янгича тизим йўлга қўйилди. Хусусан, оилавий ажрим масаласида мурожаат этган фуқароларнинг рўйхатлари хотин-қизлар қўмиталарига ҳамда маҳалалларда иш олиб бораётган Яраштириш комиссияларига тақдим этиб борилди. Фуқаролик ишлари бўйича судларда оилавий ажримлар юзасидан кўрилган ишларда жамоатчилик вакиллари иштирок этадиган бўлди.

Маҳаллалар, таълим муассасаларида “Менинг маҳалламда бирорта ҳам оилавий ажрим бўлмаслиги керак!”, “Биз оилавий ажримларга қаршимиз” тадбирлари ташкил этилди. “Чоршанба – оилаларни мустаҳкамлаш куни” деб белгиланиб, шу кунлари оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик муҳокамалари мунтазам ўтказилиши йўлга қўйилди. Жамоатчилик муҳокамаси таъсир қилмаган оилалар 4 та сектор раҳбарлари, яъни ҳудуд ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи, солиқ идораси бошлиғи иштирокида ҳам масаланинг муҳокама этилиши йўлга қўйилди.

 

 

Таҳлилларга кўра, оилавий келишмовчиликларнинг асосий омилларидан бири бу – битта хонадонда 4-5 тадан оиланинг истиқомат қилиши эканлиги аён бўлди. Ана шундан келиб чиқиб, қийин шароитда яшаётган, шунингдек, ногиронлиги бор, кам таъминланган хотин-қизлардан 495 нафарига бошланғич тўловлари амалга оширилган ҳолда ҳамда ҳомийлар ҳисобидан уй-жой берилди.


Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларда ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёрлаш мақсадида “Келин-куёвлар инновацион мактаб”лари ташкил этилди. Никоҳдан ўтиш учун ариза берган ёшларнинг инновацион мактабларида оиланинг муқаддаслиги, келин-куёвнинг бурч ва вазифалари, оила иқтисоди бўйича белгиланган дастур асосида билим олиши йўлга қўйилди. 

Оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий ажримларни олдини олиш борасида 2019 йилда олиб борилган ишлар натижасида ўтган йил давомида ажрим ёқасига келиб қолган 3380 оила яраштирилди. Умуман, 2019 йилда оилавий ажримлар аввалги йилга нисбатан 12 фоизга камайди. Ажримларнинг олдини олишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади. 

– Вилоятда коррупция ҳолатлари қайси соҳаларда кўпроқ қайд этилмоқда. Бу ҳолатлар вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожига қай даражада таъсир кўрсатмоқда? 

– Албатта, коррупция жамият ривожига тўсиқ бўладиган катта муаммо. Лекин вилоятимизда коррупцияни олдини олиш бўйича ишлар қатъий ва изчил олиб борилмоқда. 

2019 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида 70 дан ортиқ коррупция ҳолатлари аниқланди. Жумладан, ана шу ҳолатларнинг 22 таси соғлиқни сақлаш соҳаси, 15 таси хусусий мулк шаклига эга хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти, 10 таси банк соҳаси, 15 таси таълим тизими, 4 таси маҳалла фуқаролар йиғинлари тизими, 6 таси бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда “Ермулккадастр” давлат унитар корхонаси тизими ҳиссасига тўғри келади. 

Коррупция ҳолатлари, асосан, ижтимоий соҳанинг энг муҳим тармоқлари ҳисобланган соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида, шунингдек, иқтисодий соҳаларда содир этилаётганлиги, ушбу соҳаларда коррупция ҳолатларини юзага келтираётган тизимли камчиликларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва профилактика ишларини кучайтиришни айниқса, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида шаффофликни, адолат тамойилларини мустаҳкамлаш борасида қилиниши лозим бўлган кўплаб ишларимиз борлигини англатади.

– Айтингчи, инсондаги қайси фазилатларни кўпроқ қадрлайсиз? Юртпарварлик деганда нимани тушунасиз? 

– Инсондаги тўғрисўзлик, адолатли бўлиш, меҳнатсеварлик ва фидойилик фазилатларини кўпроқ қадрлайман. Ана шу фазилатлар эгаси ҳамиша, ҳамма жойда ҳурмат-этибор топади, эл-юрт равнақига муносиб ҳисса қўшади. 

Назаримда айнан бугунги кунда ҳар бир инсон ўзида ана шу жиҳатларни тарбиялаб бориши керак. Айниқса, халқ хизматида бўлган катта-кичик лавозимлардаги раҳбарлар ишига, юртига фидойи бўлиши жуда муҳимдир.


  

Андижон вилояти ҳокими теримчилар ҳузурида
 

Юртпарварлик деганда мен бир ривоятни кўп бор такрорлайман. Бургут ҳар тонг учиб келиб, бир қирнинг тепасида узоқ вақт айланар экан. Одамлар бир донишманддан бунинг сабабини сўрашибди. Шунда донишманд: ўша бургут шу қир устида кўз очган, туғилган. Ҳар куни ўзи туғилган ерни тавоф этади, ўша ерга ҳеч бўлмаса соя солиб, кимларгадир фойдам тегса дер экан. Ушбу ривоят барчамизга ибрат бўлиши керак. Ҳар бир инсон ўзи туғилиб ўсган юртга фойда келтирсин, ўз юрти учун фидойи бўлсин. Шунда барча ишларимиз кутганимизданда афзал бўлади.

– 2020 йилдаги муҳим режаларингиз билан ўртоқлашсангиз? Халқимизга янги йил тилакларингиз?

– Янги йилда амалга оширадиган режаларимиз жуда катта. Энг аввало, Президентимиз ташаббуси билан турли соҳа ва йўналишлар бўйича ишлаб чиқилган ҳаётбахш дастурларни бажариш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, одамларнинг ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга қаратилган ишларни тўла-тўкис бажариш.

Маълумки, Андижон вилояти мамлакатимиздаги ҳудуди жиҳатидан энг кичик, аҳолиси эса энг зич яшайдиган вилоят ҳисобланади. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, Андижон вилояти республика ҳудудининг 1 фоизини, аҳолиси эса 10 фоизини ташкил этади. Шу боис ҳам вилоятда ернинг ҳар бир қарич майдонидан унумли ва оқилона фойдаланиш талаб этилади.

Муҳтарам Президентимиз Андижон вилоятига ташрифи чоғида ана шу жиҳатни ҳисобга олиб, қолаверса, экин майдонларини камайтирмаслик мақсадида вилоятнинг адир зоналарида кўп қаватли уйлар қуриш ва шу орқали тобора ўсиб бораётган аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш борасида қатор вазифалар белгилаб берган эди. Аҳолининг зичлиги, уй-жойга бўлган талаб юқорилигини ҳисобга олиб, барча туман ва шаҳарларда кўп қаватли уйлар қуришни режалаштирганмиз. 2020 йилда вилоятнинг қишлоқ жойларида 68 та ҳамда Андижон шаҳрида 4 та (2 та 16 қаватли ва 2 та 9 қаватли) уй-жойлар барпо этилади.

  


Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, йил бошидан Хўжаобод тумани Иттифоқ массивида микро, макро массивлар ҳамда кўп қаватли уйлар қурилишини бошладик. Мазкур массивдаги адир зонасидаги 20 гектардан зиёд майдонда 34 та, биринчи босқичда 330 квартирали 11 та кўп қаватли уйлар қурилади. Барпо этиладиган уйлар биринчи навбатда уй-жойга муҳтож аҳолига берилиши кўзда тутилган. Массивда яшовчилар учун зарур барча қулайлик ва шарт-шароитлар яратилади. Ҳудудда мактабгача таълим ташкилоти, мактаб, гузар, бозорча, бир нечта минимаркетлар ҳам барпо этилади.

Мазкур массивдаги адир зонасидаги 20 гектардан зиёд майдонда 34 та, биринчи босқичда 330 квартирали 11 та кўп қаватли уйлар қурилади. Барпо этиладиган уйлар биринчи навбатда уй-жойга муҳтож аҳолига берилиши кўзда тутилган. Массивда яшовчилар учун зарур барча қулайлик ва шарт-шароитлар яратилади. Ҳудудда мактабгача таълим ташкилоти, мактаб, гузар, бозорча, бир нечта минимаркетлар ҳам барпо этилади.

Бундан ташқари, пиллачилик, ғалла ва пахта етиштиришда юқори натижаларга эришиш, ижтимоий соҳалардаги ишларни янада юқори даражага кўтариш учун астойдил ҳаракат қиламиз.

Президентимиз жорий йилда ёшлар сиёсати бўйича туб бурилиш йили бўлади дегани ёшлар билан ишлашда, ёшларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, уларнинг жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳиссини оширшга қаратилган ишлар самарадорлигини юксалтириш бўйича манзилли ва тизимли ишлар олиб боришга алоҳида эътибор қаратилади.

Бошланган янги йил юртдошларимизга фақат яхшилик келтирсин. Қалблардаги жамики эзгу ниятлари ижобат бўлсин. Тинч, обод ва озод юртимизга асло кўз тегмасин.

ЎзА мухбири Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.
Манба uza.uz сайтидан олинди.

Андижон вилояти ҳокимлиги
МАТБУОТ ХИЗМАТИ.

Facebook | Twitter | Instagram | YouTube Telegram



Охирги ўзгариш: 16/01/2020 13:26 Кўрилганлиги: 5077
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Сайтдаги интерактив хизматларга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 104
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг