Наманган – кўплаб буюк алломаларга қанот бўлган замин. Бу кўҳна юртда Махдуми Аъзам Косоний, Бобораҳим Машраб, Фазлий, Нодим Намангоний, Муҳаммадшариф Сўфизода сингари шоир ва маърифатпарварлар туғилиб ижод қилган.
Шавкат Мирзиёев 2016 йил 2 ноябрь куни Наманган вилояти сайловчилари билан учрашувда Исҳоқхон Ибрат ҳақида алоҳида тўхталиб, у кишига атаб замонавий боғ яратиш, ёдгорлик мажмуаси ва “Ибрат мактаби”ни ташкил қилиш ташаббусини баён этган эди.
Ибрат домла ўлкамиздаги илк матбаачилардан бири сифатида, 1908 йил Оренбург шаҳридан литографик машина сотиб олиб, уни Оренбургдан Қўқонгача поездда, Қўқондан Тўрақўрғонга туяларга ортиб, катта машаққатлар билан олиб келган ва ўз ҳовлисида “Исҳоқия босмахонаси”ни ташкил қилган. Бу маърифатпарвар инсон кўплаб илмий, педагогик ҳамда бадиий асарлар яратган, ўз қишлоғида янги мактаб ва кутубхона очган, аҳоли учун замонавий боғ барпо қилган, ҳозиргача ғоят ноёб ҳисобланадиган олти тилли луғат яратиб, ўз босмахонасида чоп эттирган. Унинг “Фарғона тарихи” деган машҳур асари мамлакатимиз тарихига оид нодир манбалардан биридир.
Давлатимиз раҳбари мазкур комплексни мазмун жиҳатидан такомиллаштириш, тил ўргатиш бўйича махсус мактабни Наманган давлат университети қошида ташкил этиш, бу ерда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан ҳамкорликда хорижий тилларни ихтисослаштирилган тарзда ўргатиш зарурлигини таъкидлади. Ўқитувчи ва ўқувчиларга зарур шароитлар яратиш, мажмуа атрофини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
Шавкат Мирзиёев тумандаги Наманган кўчасида халқ ичига кириб, одамлар билан мулоқот қилди. Аҳоли Президентимиз ташрифидан хурсандлигини, амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиликлар учун миннатдорлик изҳор этди.
манбаа: uza.uz