Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14-август куни мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда ҳукумат аъзолари, давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари қатнашган.
Йиғилишда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг хорижий давлатларга уюштирган хизмат сафарлари натижаларига ҳам эътибор қаратилди.
Аввал берилган топшириққа мувофиқ, Ишчи гуруҳ томонидан бу борадаги ишлар ўрганилгани, хусусан, Фарғона, Андижон, Наманган, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида бир қатор муаммолар аниқлангани қайд этилди. Ушбу ҳудудларда фармацевтика, электротехника ва машинасозлик соҳасида кенг имкониятлар бўлсада, асосан қурилиш материаллари ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш лойиҳалари билан чекланиб қолингани танқид қилинди. Юқори технологик тармоқларга асосланган лойиҳалар эса умуман йўқ.
Кўпчилик делегация аъзоларининг мақсадли дастури бўлмагани, чет элликларга ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти бўйича аниқ маълумотлар бермагани, айрим келишувлар қоғозда қолиб кетаётгани кўрсатиб ўтилди.
Масалан, жорий йилнинг март ойида Белгияга борган Наманган вилояти делегацияси Норин туманида 200 бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплексини ташкил этиш бўйича 3 миллион долларлик лойиҳа келишувини имзолаган. Бироқ, орадан 5 ой ўтганига қарамасдан уни амалга ошириш бўйича амалий иш бошланмаган.
Қатор делегациялар хизмат сафари давомида шартномаларнинг қуруқ сони ортидан қуваётгани, оқибатда ушбу битимлар натижадор бўлмай, ўта мавҳум, маданий-гуманитар характерга эга бўлиб қолаётгани қайд этилди.
Шу боис Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ташқи ишлар вазирлигига маҳаллий делегацияларнинг хорижий мамлакатларга хизмат сафарлари олдидан ташрифнинг мақсади, таклиф этилаётган лойиҳалар ва кутилаётган амалий натижалар бўйича тақдимот ўтказиш тартибини жорий этиш зарурлиги таъкидланди. Хизмат сафарида эришилган келишувлар бўйича «йўл хариталари» ва тармоқ жадваллари ишлаб чиқиш ҳамда қатъий ижро этиш бўйича топшириқлар берилди.
Мавзуга доир: Шавкат Мирзиёев Жиззахда бўладиган Халқаро инвестиция форумини юқори савияда ташкиллаштириш ҳақида кўрсатма берди
Daryo.uz saytidan olingan.