2016 йил 4 декабрь куни юртимизда бўлиб ўтган умумхалқ сайловида Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланган Шавкат Миромонович Мирзиёев бугун 60 ёшни қаршилади.
У 1957 йилнинг 24 июлида Жиззах вилоятининг Зомин туманида, шифокор оиласида туғилган. 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.
Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.
1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, бир вақтнинг ўзида Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди.
1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 1996–2001 йилларда Жиззах вилояти, 2001–2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.
Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995–2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди.
Ш.Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланди ва 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан ушбу лавозимга яна уч марта қайта тасдиқланди.
Ш.Мирзиёев мамлакатимиз мустақилликка эришган илк йиллардан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг юксак ишончини қозониб, айни пайтда унинг издоши ва маслакдоши сифатида самарали фаолият олиб бормоқда.
2016 йил 19 октябрь куни пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съезди бўлиб ўтди. Унда партия сиёсий кенгаши аъзоси Ш.Мирзиёев номзодини Президентликка тасдиқлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Президент сайлови якунлари бўйича сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 2016 йил 14 декабрда расман ўз вазифасини бажаришга киришди.
Ш.Мирзиёев аввал ҳукумат бошлиғи, эндиликда президент сифатида кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилаш, йирик ва ноёб лойиҳаларни ҳаётга жорий этиш, хусусий мулкни устувор даражада ривожлантириш, иқтисодиётда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улушини кескин ошириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада мустаҳкамлашда ўзининг юксак салоҳияти ва моҳир ташкилотчилик қобилиятини намоён этмоқда.
Мамлакат иқтисодиётини индустриал ривожлантириш, республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш, аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш, айниқса, фермерлик ҳаракатини тараққий топтириш, янги йўналишлар яратиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолини кафолатланган ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш ишларига устувор даражада эътибор қаратмоқда.
Ш.Мирзиёев халқнинг дардини тинглаш, улар билан юзма-юз бўлиш, халқнинг ичида бўлишни раҳбарларнинг энг муҳим вазифаси, деб билади. Унинг ташаббуси билан жорий йилнинг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб аталаши ҳам бежизга эмас. Бош вазир виртуал қабулхонаси сифатида асос солинган, айни дамда «Президентга мурожаатлар» деб аталувчи виртуал қабулхонага мурожаатларнинг сони 1 миллиондан ошгани ҳам буни яққол исботлаб турибди.
Сайловолди жараёнларда ҳам, президентликка сайланганидан сўнг ҳам қисқа муддат ичида Ш.Мирзиёев ҳар бир вилоятда, кўплаб туманларга шахсан ўзи ташриф буюриб, ҳудудларнинг иқтисодий барқарорлигини юксалтириш йўлида қилинаётган ишлар билан танишиб, қимматли таклифларини берди. Юртимизнинг барча ҳудудларида улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишларини олиб бориш, аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, республиканинг шаҳар ва туманлари, айниқса, узоқ қишлоқ туманларини комплекс ривожлантириш орқали аҳолининг турмуш ва меҳнат шароитини тубдан яхшилашга қаратилган кенг кўламли ва самарали тадбирларни амалга оширди. Бунинг самараси ўлароқ, юртимизнинг қай гўшасига борманг, янги корхоналар, турар жойлар, аҳолининг маиший ҳордиқ чиқариши учун масканлар қурилаётганига гувоҳ бўласиз.
\
Ш.Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий масалалар билан бир қаторда таълим, фан, соғлиқни сақлаш тизимларини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, ёшларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, оналик ва болаликни кучли муҳофаза қилиш устувор вазифа сифатида муҳим ўрин эгаллади.
Президент мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ислоҳотларни изчил амалга оширишда ёшларга, уларнинг салоҳиятига таянишини бир неча бор такрорлаган. «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг Ўзбекистон Ёшлар иттифоқига айлантирилиши ва бу иттифоқнинг жойлардаги раҳбарлари ҳокимларнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилиши ҳам келажагимиз пойдевори бўлмиш ёшларимиз зиммасига юклатилган улкан ишонч ва масъулиятдан дарак бериб турибди.
Ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб институти бўлган маҳалланинг нуфузи ва обрўсини янада ошириш, шунингдек, бошқа жамоат ташкилотларини демократик ислоҳотларга кенг жалб этиш орқали жамиятда уларнинг мавқеини мустаҳкамлаш, миллий маънавий қадриятларни эъзозлаш ва изчил ривожлантириш ишларига юқори даражада эътибор қаратди.
Юқорида санаб ўтилганлар билан бир қаторда, иқтисодий ва ижтимоий вазифаларни амалга оширишда хорижий давлатлар ва халқаро тузилмалар, шунингдек, халқаро молия институтлари билан ҳар томонлама ўзаро ҳамкорликни кучайтириш орқали мамлакатимизнинг миллий манфаатларига ва иқтисодий ривожланишига хизмат қиладиган келишувларга эришишда бевосита раҳбарлик қилди.
манбаа: kun.uz