Андижон шаҳрида мухташам Ёшлар маркази фойдаланишга топширилди.
Очилиш тантаналарида давлат ва нодавлат ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Маросимда
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Алишер
Саъдуллаев ва Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев йиғилганларни қизғин
табриклаб, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати, келажак авлод камолотига
алоҳида эътибор, истеъдоди ва салоҳиятини намоён этиш учун барча шарт-шароитлар
яратилаётганини алоҳида таъкидладилар.
Марказ
«Қишлоқ қурилиш» масъулияти чекланган жамияти мутахассислари томонидан қисқа
муддатларда сифатли қилиб бунёд этилди. Реконструкция ишларига Ўзбекистон ёшлар
иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан 2017-2018 йиллар давомида 11 млрд. сўмдан
ортиқ маблағ ажратилган бўлса, бинони моддий-техник жиҳозлаши 1,5 млрд. сўм
маблағ молиялаштирилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг маълум қилишича, марказ 500 ўринли асосий зал, фаоллар, семинар, конференция ва форумлар заллари, ахборот-ресурс маркази, “Yosh tadbirkorlar” коворкинг марказидан иборат. Шунингдек, иттифоқ вилоят Кенгаши ҳам ушбу бинода фаолият юритади.
- Келгусида фитнесс клуб, инглиз, рус, корейс тили, шахмат-шашка, рассомчилик, компьютер саводхонлиги, ошпазлик, рақс, театр каби тўгараклари, диний-маърифат, психологик ёрдам кўрсатиш, ёш журналистларни тайёрлаш тўгараклари фаолият кўрсатади, - дейди вилоят Кенгаши раиси Ойбек Юлдашев. – Уларда бир ярим минг нафардан ортиқ йигит-қизлар қамраб олинади.
“Ёшлар маркази” биноси олдида ташкил этилган байрам тантаналари билан биргаликда “Ёшлар – келажагимиз!” давлат дастури доирасида кредит олиб ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ғайратли касб соҳиблари эришган ютуқлар кўргазмалари ҳамда истиқболли бизнес-лойиҳалар тақдимотлари ҳам ўтказилди. Ёш ижодкорлар, спортчилар, Андижон шаҳридаги “Темурбеклар мактаби”, “Муҳаммад Юсуф” номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиларининг чиқишлари катта қизиқиш билан кутиб олинди.
- Марказнинг фойдаланишга топширилиши катта орзулар эшигини очиши шубҳасиз, - дейди Андижон давлат университети талабаси, иттифоқ фаоли Гулчеҳра Зоҳидова. - Бундай имкониятларни яратиб бераётган Президентимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Маросим катта гала-концерт билан якун топди.