Янги йил байрами шукуҳи бошланган ушбу кунда Андижон шаҳрининг Мустақиллик кўчасида барпо этилган хонадонлар турли соҳаларда муваффақиятларга эришаётган 6о та ёш оилага тантанали топширилди.
Унда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирди.
Ушбу устувор вазифа келгуси «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да ҳам изчил давом этади. Бу борадаги ҳаракатларнинг барчаси эртанги кунимиз эгалари, келажагимиз пойдевори, умиди ҳамда ишончи бўлган ёшлар учун эканлигига эътиборни қаратди.
«Ёшлар уйлари» 20 йил муддатга имтиёзли ипотека кредити асосида берилди. Янги уйлар икки ва уч хонали бўлиб, бу ерда ёш оилаларнинг тўкин, фаровон ҳаёт кечириши учун барча шароитлар яратилган. Фарзандлари учун замонавий ўйин майдончалари ҳам қурилган. Табиий газ, иссиқ ва совуқ сув, телефон алоқаси ҳамда электр энергияси билан тўлиқ ва узлуксиз таъминланган.
Вилоят раҳбари ёш оилаларга уйларнинг калитларини давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар ва уларнинг ота-оналари, кекса отахон ва онахонлар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Андижон вилояти Кенгаши фаоллари иштирокида тантанали топширди. Иштирокчилар хонадонларда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Андижон вилояти ҳокимлиги
МАТБУОТ ХИЗМАТИ