Бош саҳифа / Янгиликлар / Суд ҳокимиятини такомиллаштириш борасида сўнги вақтларда қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун ва моҳияти
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Суд ҳокимиятини такомиллаштириш борасида сўнги вақтларда қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун ва моҳияти

Ўтган йиллар давомида суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятни шакллантириш, демократлаштиришнинг таркибий қисми сифатида судларнинг холислиги ва мустақиллигини мустаҳкамлаш, судни ҳокимиятнинг холис, мустақил тармоғи сифатида мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимояланишини таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилди.

Судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида бир қатор раҳбарий ҳужжатлар қабул қилинди.

         Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги  ПФ-4947-сон “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид давлат дастури”нинг 2-йўналишида, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган.

         Мазкур йўналишда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича бир қанча чора-тадбирлар белгиланган. Ҳозирги кунда мазкур тадбирлар изчиллик билан амалга оширилиб келинмоқда.

         Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил  21 февралдаги ПФ-4966-сон “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши суд ҳокимиятининг ягона тизим сифатида одил судловни амалга ошириш йўлидаги муҳим ҳужжат бўлди.

         Мазкур Фармонга мувофиқ илк маротаба давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини амалга оширишни таъминлашга хизмат қиладиган маъмурий судлар, хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида иқтисодий судлар ташкил этилди.

         Шунингдек, Мазкур Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. Ушбу ислоҳот суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этишга ҳамда ягона суд амалиётини шакллантиришга олиб келади.

         Бундан ташқари, суд ҳокимиятини янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 6 апрелдаги ЎРҚ-426-сон “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги, 2017 йил 29 мартдаги ЎРҚ-421-сон “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, 2017 йил 6 апрелдаги ЎРҚ-427-сон “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди.

         Ушбу қонунларнинг мазмун моҳиятига қисқача тўхталадиган бўлсак, суд ҳокимиятини янада такомиллаштириш, одил судловни самарали ташкил этиш ҳамда малакали судьяларни танлаб жой-жойига қуйишга қаратилган.

         Масалан, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан Бош қомусимизнинг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 111-моддаларига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар суд ҳокимиятини янада мустақиллигини кафолатлаб, унинг келгусидаги ривожига шак шубхасиз улкан хисса қўшади.

         Судьялар олий кенгаши конституциявий мақомга эга бўлди. Бош қомусимизнинг 111-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашиши белгиланди.

         Таъкидлаб ўтиш ўринлики, кенгаш фаолиятига оид масалалар “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунида тўлиқ ўз аксини топган.

         Мазкур Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади.

         Кенгаш судьялик лавозимларига номзодларни энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан танлов асосида танлаб олади. Судьларни тайинлаш, касбий тайёрлаш, малакасини оширишни ташкил этади. Кенгашнинг асосий вазифаларида судьяларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик олиб бориш, аҳоли билан мулоқотни амалга ошириш, судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги, шунингдек, уларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш кабилар белгиланган.

         Эътироф этиб ўтиш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш бўйича мутлоқо ваколати мавжуд эмас эди. Шунингдек, мазкур комиссия фаолияти алоҳида қонун билан тартибга солинмаган эди.

         Қонунда кенгашни шакллантириш тартиби тўлиқ кўрсатилган. Унга кўра, кенгаш раис, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котибидан –– жами йигирма бир нафар кишидан иборат таркибда бўлади. Бу таркиб судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан шакллантирилади.

         Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 мартдаги ЎРҚ-421-сон “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунида ҳам жиноят-процессуал, фуқаролик процессуал ва бошқа қонун ҳужжатларига инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш, суд муҳокамасини адолатли ва ўз вақтида ўтказиш, жазонинг адолатли ва инсонийлиги кафолатларини кучайтиришни инобатга олган ҳолда одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор ўзгартишлар киритилди.

         Хусусан, мазкур Қонун билан фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш имкониятини берувчи муддатнинг 3 йилдан 1 йилга қисқартирилиши, фуқаролик ҳуқуқий муносабатларнинг барқарорлиги, фуқаролик процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

         Шунингдек, суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тизимини такомиллаштириш, шунингдек суд процесси муддатлари ва сифатига салбий таъсир кўрсатувчи ортиқча оралиқ инстанцияларни бартараф этиш мақсадида Қонунда вилоят даражасидаги судлар томонидан фуқаролик ва жиноят ишларини назорат тартибида қайта кўриш бўйича бир-бирини такрорловчи инстанциялари тугатилиб, ўз навбатида, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш ваколати бекор қилинди.

         Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ишларни назорат тартибида кўришга оид бир-бирини такрорловчи ваколатлари бекор қилинди.

         Қонун билан бу каби ўзгартиришларнинг киритилиши ортиқча  ва бир-бирини такрорловчи инстанцияларнинг бекор қилиниши айнан бир назорат инстанцияси томонидан ишларнинг бир неча бор кўриб чиқилишини олдини олиш, суд қарорларининг узил-кесиллиги ва барқарорлигини таъминлаб, фуқароларнинг судларга бўлган ишончини янада оширади.

         Бир сўз билан айтганда, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган қонун ҳужжатлари, суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш имконини беради.

 

 Фуқаролик ишлари бўйича

Учтепа туманлараро суди судьяси

Алманов Икромжон


Киритилган вақти: 19/06/2017 11:07 Кўрилганлиги: 4524
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишни, онлайн қилиш қанчалик зарур?

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 1
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг