Маънавий-маърифий тарғибот ишларининг кўламини кенгайтириш, соҳа ходимларининг билим ва малакасини изчил ошириб бориш олдимиздаги асосий вазифалардан саналади.
Оила, маҳалла, таълим муассасаларида ёшлар аҳлоқи, уюшмаган йигит-қизлар билан тарбиявий ишларнинг юзаки олиб борилаётгани ҳам сир эмас. Уларнинг турли ёт оқимлар таъсирига адашиб қўшилиб қолиши, миллий қадриятларга эътиборсизлик, оилавий можаролар каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган ҳаракатларнинг аксарият ҳолларда кутилган натижани бермаётгани бу масалаларга жиддий эътиборни талаб этмоқда.
Республика маънавият ва маърифат маркази томонидан вилоят корхона-ташкилот ва муассасаларининг маърифат тарғиботчилари иштирокида ўтказилган ўқув-семинарида шу хусусда сўз борди.
Мустақиллик йилларида миллий истиқлол ғоясининг асосий тушунча ва тамойиллари ҳаётга жорий этилди. Юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод қалбида Ватан тақдирига даҳлдорлик ва масъулият ҳиссини ошириш, мафкуравий иммунитетни кучайтиришга йўнатирилган тарғибот тизими шаклланди. Ҳаракатлар стратегиясида, энг аввало, давлат бошқаруви органларининг халқ билан мулоқот қилишини таъминлаш, самарали ижтимоий ҳамкорлик механизмини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгилаб қўйилган.
Йиғилишда Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари Муҳаммаджон Қуронов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Серобиддин Исмоилов кун тартибидаги масалалар юзасидан сўз юритдилар.