Избоскан тумани марказий маданият ва истироҳат боғида туман раҳбариятининг аҳоли билан сайёр қабул ўтказилди.
Тўрт юзга яқин фуқаро сектор раҳбарлари эътиборига муаммоларини етказдилар. Мурожаатларнинг аксариятида уй-жойларни таъмирлашда амалий ёрдам олиш, даволаниш учун ордер, ишга жойлашиш каби масалалар кўтарилди.
Қабул давомида 15 дона ногиронлар аравачаси, 20 та газ баллони, даволаниш учун 30 та ордер, 7 та кир ювиш машинаси, шунча духовка тарқатилди. Бундан ташқари муҳтож оилалар учун шифер, цемент, ёғоч каби қурилиш материаллари ажратилди.
Туман ҳокими Серобиддин Исмоилов, прокурор Қурбонали Асқаров, ички ишлар бўлими ва солиқ инспекцияси бошлиқлари Бектемир Баҳромов ҳамда Асрор Мирзаев ўз секторларида жадвал асосида аҳоли билан учрашадилар. Сешанба куни ташкил этилган мазкур қабулда тўрттала сектор раҳбарлари мулоқот ўтказдилар.
Одамларни боқимандалик кайфиятидан чиқариш, томорқалардан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Тумандаги“OBOD EXPO” агрофирмаси илғор таъминотчи корхоналардан бири. Унинг мутахассислари сўнгги вақтда вилоятда 300 та иссиқхона қуриб, оилаларга даромад манбаи яратишга ҳисса қўшдилар. Агрофирма раҳбари Акмалжон Комилов аниқ мисоллар орқали ердан барака топаётган хонадонларни тилга олди. Миришкорлар ибрати мурожаат билан келганларни ҳам ҳаракатга солиб қўйди. Якунда қабулга келганларнинг 60 нафарига агрофирмма иссиқхона қуришдаёрдам кўрсатадиган бўлди.