– Бобожон, уруш дегани нима?
– Болам, эртакларда ўқигансан: оғзидан олов чиқарадиган аждарҳо бор-ку, ана ўшанинг ўзи. Қўй, урушни тилингга олма.
Умарали ота чеварасининг бошини силади. 1942 йил. Сталинград жанги кўз олдидан ўтди.
– Дунёда тинчлик-хотиржамлик, деган неъмат бор экан, ҳар соатда шукрона келтирсак, арзийди, – дейди ота.
Жалақудуқ тумани Ойим қишлоғининг Тошлоқ маҳалласида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан биргина Умарали ота Ҳайдаров қолди. У баҳорни яхши кўради. Ғалаба билан урушдан қайтиб, жамоа хўжалигида ҳайдовчилик қилди. Икки ўғил, уч қизни вояга етказди. Бугун давраларнинг, дастурхонларнинг тўри 93-баҳорини қаршилаган Умарали отаники. Зеро, у бундай қадр-қимматга, эъзозу ҳурматга 1945 йилнинг 9 май куни эришиб қўйган.
Ғ. ТОЛИБЖОНОВ.