Бутунжаҳон талабалар куни муносабати билан Ўзбекистон «Адолат» СДП Андижон вилоят Кенгашининг «Ёш адолатчилар» қаноти ташаббуси остида Андижон туманида «Ватан келажаги ёшлар қўлида» лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди.
Тумандаги Ахборот технологиялари ва сервис хизмати коллежи ҳамда Андижон қишлоқ хўжалик институти қошидаги 2-сон академик лицей ўқувчилари иштирокидаги маънавий тадбирда ёшлар сиёсати борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, келажагимиз эгаларига бўлган эътибор ва ғамхўрликлар хусусида сўз борди.
«Адолат» партияси кубоги учун ўтказилган спорт мусобақалари ўзига хос байрамга айланди. Ёш спортчилар арқон тортиш, теннис ва шахмат-шашка бўйича ўзаро беллашдилар. Ўзларининг спортга ошно эканликлари ва соғлом ҳаёт сари бораётганликларини кўрсатдилар.
Тадбир якунида фаол иштирокчилар ва мусобақа ғолиблари эсдалик совғалари билан тақдирландилар.