Андижон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ва 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ватан муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” шиори остида ҳарбий юриш ва техникалар паради ўтказилди. Унда 35 мингдан ортиқ ҳарбийлар ва фуқаролар иштирок этдилар.
Шароф Рашидов ва Амир Темур шоҳкўчалари кесишмасида гарнизон командирининг вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Шуҳратбек Абдураҳмоновга ҳарбийлар, техникалар ҳамда вилоят ташкилотларидан ташкил топган иштирокчилар ҳарбий парад ва кўргазмага тайёр эканлиги ҳақидаги рапортидан сўнг, вилоят ҳокими барчани байрам билан табриклаб, ҳарбий парадни бошлашга рухсат берди.
Дастлаб, майдонда мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотига қарашли ҳарбий ва спорт автомобиллари, уларнинг ортидан юртимизда ишлаб чиқилган машиналар, ҳарбий техникалар йиғилганларга намойиш этилди.
Олқишлар остида Андижон гарнизонига қарашли ҳарбий қисмлар, Миллий гвардия, ички ишлар, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар бошқармалари, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, вилоят корхоналари, ташкилотлари, муассасалари,ўқув юртлари ходимларидан иборат ҳарбийлаштирилган колонналар юриши бошланди.
Ҳарбий техникалар, отлиқ аскарлар, ҳарбийлаштирилган парад иштирокчилари саф-саф бўлиб, Шароф Рашидов, Амир Темур кўчаси ҳамда Навоий шоҳкўчаси орқали тантанали юриш қилдилар. Қарийб 3 километрга чузилган йўналиш бўйлаб тизилиб турган аҳоли вакиллари ҳарбийларни гуллар ва олқишлар билан кузатдилар. Парад ҳарбий техникалар намойиши билан ўз якунига етди.