Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоят Қўғирчоқ театрида сайёр қабул ўтказган эди. Қабул кунида жами 239 нафар фуқаронинг мурожаатлари тингланган ва ҳар бир мурожаат диққат билан эшитилиб, ўртага ташланган масалаларни ўз ўрнида, қўшимча ўрганиш талаб этадиган муаммоларни қисқа фурсатда ҳал этиш чораларини кўришга топшириқлар берилганди.
Ушбу мурожаатлардан 105 таси Андижон шаҳар ҳокимлигига ижро учун йўналтирилганди.
Мурожаатчиларнинг ҳар бири бир билан Андижон шаҳар ҳокими Дилмуроджон Раҳматуллаев суҳбатлашгани маълум бўлди.
- Фуқароларимизнинг аксарияти уй-жой масаласида мурожаат қилганлар. Уларга Андижон шаҳрида имтиёзли кредитлар асосида қурилаётган кўп қаватли арзон уй-жойларни олиш тартиби ҳақида тушунчалар берилди, бошланғич тўлови бор фуқароларга шу куннинг ўзида шаҳар ҳокими номига ариза ёздириб олинди ва ушбу масала худудий комиссия томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқлиши тушунтирилди – дея ҳисобот берди шаҳар ҳокими Д. Раҳматуллаев.
Вилоят ҳокими қабулидан сўнг йўналтирилган мурожаатларнинг уй-жой масаласидаги 28 та фуқароларга тушунтиришлар берилди. 9 нафар фуқарога эса уй-жой қуриш учун ер ажратиб берилди. Иш сўраб мурожаат қилган 18 нафар фуқароларга иш жойлари учун йўлланмалар тақдим этилди. Шунингдек, моддий ёрдам,нафақа пули ҳамда соғлиғини тиклашга амалий ёрдам сўраб келган фуқароларнинг ҳам мурожаатлари қондирилди.
Вилоят ҳокимлиги
Матбуот хизмати бўлими