Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Избоскан тумани аҳолисининг ижтимоий ҳаёти билан яқиндан танишгани ҳақида аввал қисқача хабар берган эдик.
Избоскан тумани Чўртанлик маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 7 нафар фарзанд, 30 набира, 20 чеваранинг бобоси Дармонқул ота Турсунов Ширмонхон момо билан бирга юрт равнақини, тинчликнинг бардавомлигини дуоларида канда қилмаётган пиру бадавлатларимиздан. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг янгича услубда ташкил қилинган сайёр қабули айнан шу хонадондан бошлангани бежиз эмас. Қабул аввалида олинган дуо хайрли ишларга дебоча бўлгани рост.
Илк муаммо: қишлоққа ичимлик суви керак... битта сув минораси қурилди ва ярим аҳолига ичимлик суви етказиб бериш ишларига старт берилди. Бошқа жойда 20 кун муддатда ишга тушириладиган қудуқ ковлаш ишлари бошланди.
Бирин-кетин ҳал этилмай ётган масалалар юзага чиқди: 3240 нафар аҳолининг салкам 4 километр масофадаги болалар боғчасига қатнайдиган 240 дан ортиқ боғча ёшидаги жажжилари учун боғча керак. Маҳалланинг ўзида иккита уй боғча фаолиятини йўлга қўйиш ишлари бошлаб юборилди. Бу билан кичкинтойларнинг ҳозирча 50 фоизини қамраб олиш имкони яратилади. Тадбиркор томонидан давлат шерикчилиги асосидаги 100 ўринли янги мактабгача таълим ташкилоти қуриб фойдаланишга топширилиши келгуси йилга режалаштирилди.
Чўртанликда мавжуд 6 та кўчага шағал тош аралашма зарур. Шу куннинг ўзида юк машиналарда 11 километр масофага шағал ётқизиш ишлари бошланди. Электр тармоқлари ҳам эскирган, ёғоч таянчлар нураган, тармоқ симлари сифатсиз... Маҳаллага 60 га яқин янги бетон таянчлар ўрнатилиб, замонавий тармоқ тортиш ишлари бошланиб кетди. Шу куни аҳолига кўмир етказиб бериш ишлари 85 фоизга бажарилди. 1 та қишлоқ врачлик пункти учун жой ажратилди. 100 дан ортиқ фуқаролар чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилди. 150 га яқин маиший газ балонлар тарқатилди ва мавжудлари бўшаб қолгани боис, алмаштириб берилди.
Ҳудудга ишлаб чиқариш корхонаси, кичик цехлар зарур. Ёш тадбиркор Азамат Бозоровнинг трикотаж цехи қурилиши бўйича таклифи маъқулланди. Ер ажратилиб, зарурий ҳужжатлар тайёрланди. Бу билан маҳалладаги деярли 30 фоиз вақтинча ишсизларнинг айримларининг бандлиги таъминланади. 16 ёшли Наргизанинг оилавий аҳволи эътибордан четда қолмади. Ўзаро жанжал, аммалар, ака-укаларининг келишмовчилигига қонуний баҳо бериладиган бўлди. Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида мазкур оиланинг низоли ишлари барҳам топди.
90 ёшни қоралаган Мукаррамхон она Умрзақова узоқ йиллар халқ хўжалигининг турли тармоқларида самарали меҳнат қилган. Хонадони нураб талабга жавоб бермай қолган. Ушбу хонадонда бўлган биринчи сектор раҳбари таъмирлаш ишларини олиб бориш бўйича топшириқ берди.
Исмоилжон Жабборов ёлғиз ота. Ногиронлиги боис ишсиз. Ўғли Жаҳонгир жорий йилда мактабни тамомлади. Каталакдек хонадон қиш-қировли кунларга дош бера олмайди. Учрашув давомида фарзанди Жаҳонгир ишга жойланди, ҳовлиси таъмирлаб бериладиган бўлди.
Маҳалла ҳудудидан ўтувчи 80 метр узунликдаги кўприкдан бир кунда минглаб йўловчи ўтади. Аммо ҳолати яроқсиз. Талабга жавоб берадиган иншоот қурилиши бўйича алоҳида йўл ҳаритаси ишлаб чиқилди Маҳаллий бюджетдан 2 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди.
Ҳудуд аҳолиси томорқачиликдан даромад олаётганлардан. Масалан, Исабоевлар оиласи миришкорлиги билан таҳсинга сазовор. Томорқасида парваришлаган анордан 20 миллион сўм даромад олганининг ўзиёқ фикримизга далилдир.
Андижон вилоят ҳокимлиги
Матбуот хизмати
www.andijan.uz
------------