Андижон шаҳридаги 30-умумий ўрта таълим мактаби қўшни Қирғизистон Республикасининг Қорасув тумани Хабибулло Тожиматов номидаги 80-ўрта мактаби жамоаси билан дўстлик ришталарини боғлаган. Жорий йилнинг апрель ойида Андижонга ташриф буюрган меҳмонлар мактабда олиб борилаётган ишлар билан танишиб қайтган эдилар. Май ойида Қорасув туманидаги мактабларда ўқитиш жараёнлари ўрганилди.
Куни кеча қирғизистонлик бир гуруҳ ўқитувчилар делегацияси 30-умумий ўрта таълим мактабнинг бошланғич синфларида фаол инновацион педагогик технологиялар бўйича ўқитиш тизимини ўрганиш мақсадида келдилар.
Бошланғич таълим энг муҳим бўғин ҳисобланади. Болаларга пухта билим бериш, фанларга бўлган қизиқишини рағбатлантириш келгусида “аълочи” ўқувчиларнинг сонини оширади. Бу борада мактабда илғор тажрибалар тўпланган. Ҳар бир ўқитувчи дарс соатларини мазмунли ва сифатли ташкил этишга ҳаракат қилади. Ўқитиш жараёнлари меҳмонларда ҳам катта таассурот қолдирди.
Қирғизистонлик педагоглар мактабда яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Ўқувчиларнинг дарсдан кейинги машғулотлари билан қизиқдилар.
Қуйи синф ўқувчиларининг анъанавий ”Меҳржон” байрамига тайёрлаган маънавий-маърифий тадбири ҳам барчага манзур бўлди. Унда турли халқларнинг рақс ва куйлари, қўшиқлари янгради. Саховатли кузнинг фазилатлари ҳақида шеърлар ўқилди. Дўстлик, тинчлик, Ватан тараннум этилди. Якунида навбатдаги амалий семинар ва жавоб ташрифи бўйича келишиб олинди.