Андижон шаҳридаги 27-автосаройи ҳудудининг бир қисмида “Sharq yulduzi” масъулияти чекланган жамияти томонидан мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва музлатгичларда сақлаш лойиҳасининг дастлабки босқичи ниҳоясига етказилди.
Унга кўра йиллик қуввати 3000 тоннага мўлжалланган совутгич омбори бунёд этилди. Лойиҳанинг қолган икки босқичи Олтинкўл туманининг Навоий массивида бажарилмоқда.
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов жамият раҳбари Сарварбек Салоҳитдинов бошчилигида бажарилган ишларга муносиб баҳо бераркан, жорий йил якунига қадар фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган саноат соҳасидаги бошқа бир қатор лойиҳаларни ҳам кўздан кечирди.
Амалий аҳамият касб этган кўргазмали тадбирда мамлакатимиз раҳбарининг кўрсатмаларига биноан вилоятда бўш турган, самарасиз фаолият кўрсатаётган объектларни ҳақиқий тадбиркорларга олиб бериш, иш ўринларини яратиб, бандлик муаммосини хал этиш куннинг энг долзарб вазифаси эканлиги таъкидланди.
Тақдимоти ўтказилган Андижон шаҳридаги “Royal silk”, “АЭТК”, “Маданият текстиль” каби масъулияти чекланган жамиятлар, Андижон туманидаги “Мустақиллик” кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти танқид остига олинди. Шу билан бирга “Асакада Асадбек нигоҳи”, “Чинобод реал бизнес”, “Андижон Ханой ипаги” масъулияти чекланган жамиятлар томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида ижобий фиркрлар билдирилди.
Талабчанлик руҳида ўтган кўргазмали тадбирда лойиҳаларни бажаришдаги муаммолар хал этилди.