Андижон шаҳрида “Янги нафас” шиори остида марафон бўлиб ўтди. Вилоят марказининг Ўзбекистон кўчаси бўйлаб уюштирилган югуриш марафонида турли ёшдаги спортсеварлар иштирок этдилар. Жумладан, 2003-2004 йилда туғилган ўсмир қизлар, таълим соҳаси вакиллари, ҳарбийлар ва кексалар иштирок этдилар.
-Марафон мамлакатимизнинг энг шарқий ҳудуди бўлган Андижонимиздан бошланиб, Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида ниҳоясига етади, — дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов. – Марафон ташкилотчилари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Енгил атлетика федерацияси ва Андижон вилояти ҳокимлиги.
Старт чизиғига тўпланган икки мингга яқин кўнгиллилар гуруҳларга бўлинган ҳолда беллашдилар. Асосан ёшлардан иборат соғлом турмуш тарафдорлари орасида ўқитувчилар, енгил атлетика билан мунтазам шуғулланувчилар, кексалар ҳам бор.
Спорт кийимидаги бир гуруҳ нуроний отахонлар ва онахонлар чеҳраси қуёшли куз тафтидай илиқ.
-Бир неча ойдан буён кунни тонгда яёв юришдан бошлаяпмиз, — дейди Андижон шаҳар ҳокимлиги оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўлимининг кексалар ва ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Тоҳиржон Тўйчиев. – Эрта тонгдан фаол нуронийлар автомобиллардан ҳоли кўчаларнинг бири бўйлаб сайр қилишни одатга айлантирдик. Кексаликка йўл бермаётганлар орасида 80 ёшни қоралаб қўйган Қобилжон ота Суяров, Азимжон ота Комиловлар бор. Бугунги марафонда яёв юриш учун келганлардан Турсунбой Рустамов, Абдувосит Маматхўжаев, Абдурашид Ниёзов кабиларни айтиш мумкин.
Старт чизиғидан марра чизиғигача бўлган уч минг метр масофани юругиб ўтганлар асосийси ютиш эмас – иштирок этиш тамойилига амал қилдилар. Шундай бўлсада, ҳар қандай мусобақада бўлгани каби биринчилар марафон ғолиблари сифатида эътироф этилдилар. Уларга вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг совғалари топширилди.
Тадбир якунида Қорақалпоғистондаги музей учун эстафета баннерига андижонликлар номидан вилоят ҳокимининг ўринбосари Ўткирбек Шукуров ўз тилакларини ёзиб қолдирди.
Андижон вилояти ҳокимлиги
МАТБУОТ ХИЗМАТИ