Бош саҳифа / Президент қарорлари / ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНЛАРИ / Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ 


Мамлакатимизда мустақиллик йилларида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, давлатимиз суверенитети, чегараларимиз дахлсизлиги таъминланди, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини кучайтириш, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.

Иқтисодиётда маъмурий-буйруқбозликка асосланган, эски бошқарув тизимидан мутлақо воз кечиб, бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтилгани, пул-кредит сиёсати пухта ўйлаб олиб борилгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатиучун йўл очиб берилгани макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиётнинг юқори суръатлар билан ривожланишини таъминлаш, инфляцияни прогноз кўрсаткичлари даражасида сақлаб қолиш,
энг муҳими, халқимизнинг ҳаёт сифати даражасини оширишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмоқда.

Айни вақтда мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили бугунги кунда жаҳон бозорида конъюнктура ўзгариб, рақобат тобора кучайиб бораётганини ҳар томонлама ҳисобга олишни, шу асосда давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича стратегик ёндашув ва тамойилларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни тақозо этмоқда.

Олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича энг муҳим устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида:

1. Бутун халқимиз, айниқса, унинг энг фаол қатламига айланиб бораётган тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган ва қуйидагиларни назарда тутадиган
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси (кейинги ўринларда – Ҳаракатлар стратегияси) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатимизни модернизация қилишда парламентнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви ва давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, давлатнинг иқтисодиётни тартибга солиш борасидаги функцияларини қисқартириш, “ягона ойна” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тизимини кенг жорий этиш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш йўлида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш;

суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқароларнинг ҳуқуқ
ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, юртдошларимиз томонидан одил судловга эришиш даражасини ошириш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам ва хизматлар сифатини тубдан яхшилаш учун қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга эътиборни янада кучайтириш;

иқтисодиётнинг очиқлиги ва рақобатдошлигини ошириш, иқтисодий мустақилликни кучайтириш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш
ва иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, етакчи ишлаб чиқариш тармоқларини модернизация ва фаол диверсификация қилиш, молия-банк соҳасини тубдан ислоҳ этиш, хусусий мулк ва тадбиркорликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ташқи иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, туризм тармоғини самарали ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгартиришларни амалга ошириш мақсадида иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш;

иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини босқичма-босқич ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масаласини самарали ҳал этиш, фуқароларни замонавий ва арзон уй-жойлар билан таъминлаш, уй-жой ва коммунал хўжалигини, социал инфратузилма объектларини модернизация қилиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш, илм-фан, таълим-тарбия тизимини, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш йўлида ижтимоий соҳани ривожлантириш;

давлатнинг мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, минтақамизда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини вужудга келтириш, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимизнинг ижобий халқаро нуфузини мустаҳкамлаш йўлида хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни янада кучайтириш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни юритиш.

2. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия ҳамда Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар 2-7-иловаларга мувофиқ тузилсин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Ҳаракатлар стратегиясини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг бирламчи вазифаси ва бош устувор йўналиши ҳисобланади;

 

Ҳаракатлар стратегияси беш босқичда, келгуси беш йилда юртимизда йилларга бериладиган номлардан келиб чиққан, ҳар бир йил бўйича давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда, амалга оширилади.

4. 2017 йил Ўзбекистон Республикасида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”деб эълон қилингани маълумот учун қабул қилинсин.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури (кейинги ўринларда – Давлат дастури) 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар зиммасига Давлат дастурига киритилган тадбирлар тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш ва назорат қилиш, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясини 2018-2021 йилларда амалга ошириш бўйича тегишли йиллик Давлат дастурлари лойиҳаларини тайёрлаш вазифаси юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар билан ҳамкорликда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг Давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича фаолияти мувофиқлаштириб борилишини, унинг жойларда ижро этилиши устидан тизимли назоратни амалга оширилишини таъминласин.

Белгилаб қўйилсинки, Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги умумлаштирилган ахборот Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар томонидан ҳар ой якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига тақдим этиб борилади.

6. Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун масъул давлат органлари ва муассасалари:

фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги, самарали усул ва механизмларини жорий этиш, мансабдор шахсларнинг аҳоли олдида ҳисобот бериши тизимини амалда татбиқ этиш, шу асосда халқнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлашга;

фуқаролардан келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар ва уларда кўтарилган масалалар бўйича бюрократик тўсиқ ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан зарур амалий чора-тадбирлар кўриш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, муаммоли масалаларни пайсалга солмасдан, имкон қадар тезкўриб чиқиш ва ҳал этишга;

Давлат дастури доирасида ўтказилаётган тадбирларнинг очиқлиги, уларда фуқаролар, барча даражадаги давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ёшлар, ижодий ва илмий муассасалар вакилларининг кенг иштирок этишига алоҳида эътибор қаратсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Давлат дастурида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида тайёрланиши, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилиши ва вақтида киритилиши мониторинг қилиб борилиши ҳамда мониторинг натижалари тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ҳар чоракда ахборот берилишини таъминлансин.

8. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситаларини жалб этган ҳолда, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда:

мазкур Фармоннинг мақсад ва вазифалари, унинг демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда давлат органларининг аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотини кучайтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, жамиятда қонун устуворлиги, қонунийлик ва адолатни, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро, фуқаролараро тотувликнинг қарор топишига йўналтирилганини оммавий ахборот воситаларида, жумладан, Интернет тармоғида кенг шарҳлаб борилишини;

Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг бориши ва натижалари тўғрисидаги холис, тўлиқ маълумот аҳолига тезлик билан етказилишини таъминласин.

9. Ташқи ишлар вазирлиги Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссияларга ривожланган хорижий мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий тараққиёт тажрибасини, зарур бўлганда, халқаро, хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларини жалб қилган ҳолда, ўрганишда кўмак берсин.

10. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон  Республикаси

               Президенти                                                          Ш.Мирзиёев




Охирги ўзгариш: 27/01/2017 15:45 Кўрилганлиги: 7900
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Сайтдаги интерактив хизматларга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 37
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг