Бош саҳифа / Президент қарорлари / Тошкент ахборот технологиялари университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Тошкент ахборот технологиялари университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

VIII-IX асрларда Шарқда яшаб ижод этган улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмий математика, геометрия, астрономия, тарих, география ва бошқа фанларга доир кўплаб рисолалар ёзган. У “ноль” рақамини ва ўнлик саноқ тизимини ҳамда қутблар координаталарини биринчилардан бўлиб асослаб берган ва амалиётга татбиқ этган. Муҳаммад ал-Хоразмий алгебра фанига ва алгоритмлаштириш назариясига асос солган, илмий маълумот ва трактатларни баён этишнинг аниқ қоидаларини ишлаб чиққан. 

Ўнлик саноқ тизими, алгебра ва алгоритмлаштириш йўналишларида дунё илм-фани ривожидаги хизматлари умумэътироф этилган Шарқ олимлари орасида фақат Муҳаммад ал-Хоразмийнинг асарлари ва номи илмий давраларда фаол қўлланиб келинаётган “алгоритм” ва “алгебра” каби замонавий илмий атамаларда абадийлаштирилди. Бугунги кунда юқори технологияларга асосланган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида бажарилаётган барча ҳисоблаш амалларига буюк олим Муҳаммад ал-Хоразмийнинг илмий кашфиётлари асос бўлиб хизмат қилмоқда. 

Улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмийнинг буюк ва бебаҳо меросини қадрлаш, асраб-авайлашнинг нақадар муҳимлигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш, шунингдек, ёшларга таълим-тарбия бериш ва илм-фаннинг юксак марраларини забт этиш учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда республика иқтисодиётининг етакчи тармоқлари ва соҳалари учун ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Тошкент ахборот технологиялари университетига (кейинги ўринларда Университет деб юритилади) Муҳаммад ал-Хоразмий номини бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. 

2. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги билан биргаликда 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Университетда улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмийнинг номини абадийлаштириш ҳамда унинг буюк ва бебаҳо меросини кенг ўрганиш билан боғлиқ қуйидаги тадбирларни амалга оширсин: 

иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ва соҳаларида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам алоқаларини таъминлаш учун ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида республика ва халқаро кўламда илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш; 

олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида, шу жумладан, дастурий маҳсулотларни яратиш борасида танлов ва олимпиадалар ўтказиш; 

Университетнинг иқтидорли талабалари учун бериладиган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендияни жорий этиш; 

республиканинг етакчи олимлари, хусусан, академиклар ва фан арбоблари иштирокида олий таълим муассасалари талабалари, ёш олимлар, профессор-ўқитувчилар билан илмий учрашувлар ҳамда давра суҳбатларини ташкил этиш; 

математик моделлаштириш, алгоритмлаш ва криптология соҳаларида, компьютер ва дастурий инжиниринг, телекоммуникация ва телевизион технологиялари, ахборот хавфсизлиги йўналишларида замонавий ўқув адабиётларини ишлаб чиқиш, уларнинг мультимедиали авлодларини яратиш ҳамда талабалар, олимлар ва педагогларнинг ушбу ўқув адабиётларидан эркин фойдаланишлари учун уларни электрон ресурсларга жойлаштириш; 

оммавий ахборот воситаларида ҳамда ZiyoNet миллий таълим тармоғида улуғ аллома, қомусшунос олим Муҳаммад ал-Хоразмийнинг ҳаёти ва ижодини ёритувчи мақола ва материалларни бериб бориш; 

замонавий технологияларга асосланган илм-фаннинг янги қирраларини тадқиқ этиш учун янги ўқув ва илмий-тадқиқот лабораторияларини ташкил этиш; 

иқтидорли талабалар, ёш олимлар ва профессор-ўқитувчиларнинг истиқболли илмий-тадқиқот ишлари натижалари ва илмий мақолалари даврий равишда эълон қилиб бориладиган “Муҳаммад ал-Хоразмий авлодлари” номли илмий журнални таъсис этиш; 

2018 йилда Муҳаммад ал-Хоразмий таваллудининг 1235 йиллигини кенг нишонлаш юзасидан илмий-амалий ва маънавий-маърифий тадбирларни амалга ошириш. 

3. Университет ҳузуридаги Дастурий маҳсулотлар ва аппарат дастурий мажмуалар яратиш маркази негизида юридик шахс мақомига эга бўлган Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) ташкил этилсин ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин: 

республика иқтисодиётининг етакчи тармоқлари ва соҳалари учун реал эҳтиёжларни ҳисобга олиб, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош, сифатли маҳаллий дастурий маҳсулотларни, энг аввало, Университетда таълим олаётган талабаларни кенг жалб этган ҳолда ишлаб чиқиш; 

ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида илмий мактабларни янада ривожлантириш, ёш олимлар ва илмий-педагог ходимлар меҳнатини рағбатлантириш, уларнинг илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишларини тижоратлаштиришни ташкил қилиш; 

иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ва соҳалари буюртмалари асосида бошқарув, ишлаб чиқариш, бизнес ва бошқа йўналишдаги жараёнларни автоматлаштиришни тизимли илмий таҳлил қилиш, уларнинг моделларини ҳамда алгоритмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш; 

республикада юқори технологияларга асосланган техник ва дастурий маҳсулотларни яратиш, импорт ўрнини босувчи қурилмаларни маҳаллийлаштириш ва экспортбоп қурилмаларни ишлаб чиқиш юзасидан фундаментал ва амалий илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш; 

давлат илмий-техник грантлари ва хўжалик шартномалари асосида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш; 

Университет талабалари, мутахассислари ва ёш илмий ходимларини миллий дастурий маҳсулотлар ва аппарат дастурий мажмуаларни яратиш бўйича илмий-тадқиқот лойиҳаларига кенг жалб этиш; 

хорижий мамлакатларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги илғор илмий-тадқиқот марказлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш. 

4. Марказ Университет ҳузуридаги Дастурий маҳсулотлар ва аппарат дастурий мажмуалар яратиш марказининг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси бўлиб ҳисобланади. 

5. Университет қошида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Илмий-инновацион ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) ташкил этилсин ва унинг маблағларини шакллантириш манбалари этиб мобиль алоқа хизматлари кўрсатадиган юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўловдан тушадиган маблағларнинг 1,0 фоиз миқдоридаги ажратмалар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тушумлар белгилансин. 

6. Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин: 

Университет учун ўқув дарсликлар ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш, шу жумладан, хорижий адабиётларни харид қилиш, унинг иқтидорли талабалари учун бериладиган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендия харажатларини қоплаш ва “Муҳаммад ал-Хоразмий авлодлари” номли илмий журнал нашр этилишини молиявий қўллаб-қувватлаш; 

Университет ва Марказнинг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасидаги илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини танлов асосида молиялаштириш, уларнинг илмий ва ўқув лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар, зарур сарфланувчи материаллар ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш; 

Университетнинг иқтидорли талабалари, профессор-ўқитувчилари ва ёш илмий ходимларини етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, Университетда дарс бериш ва Марказда илмий тадқиқотлар ўтказиш учун юқори малакали хорижий мутахассислар ва олимларни жалб қилиш. 

Жамғарма маблағларини бошқариш вазифаси Университетнинг Васийлик кенгашига юклансин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги икки ой муддатда: 

Университет ва Марказнинг тузилмасини ва уставини тасдиқласин ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин; 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Жамғарма маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин; 

бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ва тижорат банкларига Университетнинг буюртманомалари бўйича Жамғарма маблағлари ҳисобидан хориждан сотиб олинадиган замонавий илмий асбоб-ускуналар, бутловчи қисмлар ҳамда хорижий илмий адабиётлар учун зарур бўлган пул маблағларини конвертация қилиш тавсия этилсин. 


9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида” 2016 йил 27 декабрдаги ПҚ-2699-сонли қарорига иловага мувофиқ ўзгартириш киритилсин. 

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммаларига юклансин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                              Ш.Мирзиёев 



Тошкент шаҳри, 2017 йил 15 март 




* * *


Ўзбекистон Республикаси Президентининг
“Тошкент ахборот технологиялари университетининг 
фаолиятини янада такомиллаштириш 
чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига

ШАРҲ

Қадимий юртимиз заминида яшаб ўтган буюк алломалар, мутафаккирларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссаси, уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, бебаҳо маърифий мероси, илмий-ижодий кашфиётлари бугунги кунда ҳам жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келмоқда. 

Ўрта асрларнинг илк даврида Шарқда амалга оширилган буюк илмий кашфиётлар ҳақида гап кетганда, замонавий математика, тригонометрия ва география фанлари тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган аллома Муҳаммад ал-Хоразмийнинг номи биринчилар қаторида тилга олинади. 

Тўлиқ исми шарифи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Хоразмий ал-Мажусий ал-Қатраббулий бўлган бу улуғ зот мелодий 783 йилда Хоразмнинг маданият ва маърифат марказларидан бири бўлган Хива шаҳрида таваллуд топган. Буюк иқтидори, илм-фан тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси билан танилган Муҳаммад ал-Хоразмий ўз даврининг қомусий алломаси сифатида эътироф этилади. Унинг илм-фан тараққиёти йўлидаги хизматлари эътиборга олиниб, ўша даврда “Байт ул-Ҳикма” – “Донишмандлар уйи” деган ном билан машҳур бўлган Маъмун академиясига раҳбар этиб тайинланади. 

Муҳаммад ал-Хоразмий математика, геометрия, астрономия, тарих, география ва бошқа фанларнинг илмий йўналишларида кўплаб қомусий асарлар яратган. Алгебра фанига асос солиб, фундаментал маълумотлар, трактатларни илмий баён этиш қоидаларини ишлаб чиққан. Буюк ватандошимизнинг илмий изланишлари, илмий-тадқиқот назариялари ва илмий хулосалари бутун жаҳон илму маърифат аҳли томонидан эътироф этилиб, дунё илм-фанининг бебаҳо мероси сифатида юксак қадрланиб келинади. 

Бугунги кунда замонавий математика, геометрия, тригонометрия, география каби фанлар, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида эришилаётган ютуқларнинг тамал тоши айнан Муҳаммад ал-Хоразмий томонидан қўйилгани жаҳон миқёсида эътироф этилган ҳақиқатдир. 

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида ўқув-услубий, илмий-тадқиқот фаолиятини такомиллаштиришнинг барқарор тизими яратилди. Мамлакатимизда дунё андозаларига мос илмий-ўқув лабораториялари, кафедралар, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, нуфузли илмий марказлар, мактаблар яратилди. 

Бугунги кунда Тошкент ахборот технологиялари университети замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлайдиган юртимиздаги етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Университетнинг Самарқанд, Фарғона, Қарши, Урганч, Нукус филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Университет ва унинг филиалларида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, компьютер инжиниринги, дастурий инжиниринг, почта алоқатехнологиялари каби ўнлаб таълим йўналишлари бўйича ўн мингдан зиёд талаба таҳсил олмоқда. 

Ёш авлодни улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмийнинг буюк ва бебаҳо меросининг муносиб давомчилари этиб тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент ахборот технологиялари университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Университетнинг фаолиятини янада такомиллаштириш, мавжуд интеллектуал салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ёшларни илмий-тадқиқот фаолиятига кенг жалб этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди. Ушбу вазифаларни амалга оширишда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ишларини иқтисодий-ижтимоий соҳаларнинг долзарб муаммоларига йўналтириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий интеграцияни таъминлаш, дастурий маҳсулотлар яратиш, уларни иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига жорий этишни таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. 

Қарор Университет ва унинг филиалларида таҳсил олаётган ёшларга таълим тарбия бериш ва илм-фаннинг юксак чўққиларини эгаллашда зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқлари учун ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни янада такомиллаштиришда беқиёс катта аҳамиятга эгадир. 

Мазкур қарор билан Тошкент ахборот технологиялари университетига Муҳаммад ал-Хоразмий номи берилди, шунингдек, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Университетда улуғ аллома номини абадийлаштириш ҳамда унинг буюк ва бебаҳо меросини кенг ўрганиш билан боғлиқ қатор тадбирларни амалга ошириш белгиланди. 

Қарорда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ва соҳалари билан таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам алоқасини таъминлаш, анъанавий тарзда республика ва халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказиш, юртимиздаги етакчи илм-фан намояндалари иштирокида олий таълим муассасалари талабалари, ёш олимлар, профессор-ўқитувчилар билан учрашувлар ташкил этишга эътибор қаратиш, шунингдек, Университетнинг иқтидорли талабалари учун бериладиган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендияни жорий этиш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилган. 

Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий маҳсулотларни яратиш борасида танлов ва олимпиадалар ўтказиш, математик моделлаштириш, алгоритмлаш, криптология, компьютер ва дастурий инжиниринг, телекоммуникация ва телевизион технологиялари, ахборот хавфсизлиги йўналишларида замонавий ўқув адабиётларини тайёрлаш, уларнинг мультимедиали авлодларини яратиш ҳамда талабалар, олимлар ва педагогларнинг ушбу ўқув адабиётларидан эркин фойдаланишлари учун уларни электрон ресурсларга жойлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. 

Айни вақтда қарор билан университетнинг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш, ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ишларини янада ривожлантириш, университет қошидаги “Дастурий маҳсулотлар ва аппарат дастурий мажмуалар яратиш маркази” ўрнида “Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази”ни ташкил қилиш зарурлиги ҳам кўрсатиб ўтилди. 

Мазкур марказнинг асосий вазифалари сифатида иқтисодиётнинг етакчи соҳа ва тармоқлари учун реал эҳтиёжларни ҳисобга олиб, ички ва ташқи бозорларда рақобатдош, сифатли маҳаллий дастурий маҳсулотларни яратишга, энг аввало, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида таълим олаётган талабаларни кенг жалб этиш белгиланди. 

Қарорга кўра, марказда иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ва соҳалари буюртмалари асосида бошқарув, ишлаб чиқариш, бизнес ва бошқа йўналишдаги жараёнларни автоматлаштиришни тизимли ва илмий таҳлил қилиш, уларнинг моделларини ҳамда алгоритмларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш механизмлари яратилади. 

Мамлакатимизда юқори технологияларга асосланган техник ва дастурий маҳсулотларни яратиш, импорт ўрнини босувчи қурилмаларни маҳаллийлаштириш ва экспортбоп қурилмаларни ишлаб чиқиш юзасидан фундаментал ва амалий илмий-тадқиқот ишлари олиб борилади. 

Марказда яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари, мутахассислари ва ёш илмий ходимларини миллий дастурий маҳсулотлар ва аппарат дастурий мажмуаларни яратиш бўйича илмий-тадқиқот лойиҳаларига кенг жалб этиш, хорижий мамлакатларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги илғор илмий-тадқиқот марказлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳам катта эътибор қаратилади. 

Қабул қилинган қарорнинг яна бир муҳим аҳамияти шундан иборатки, Университет қошида Илмий-инновацион ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) ташкил этилмоқда. Мазкур Жамғарманинг маблағлари мобиль алоқа хизматлари кўрсатадиган компаниялар томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўловдан тушадиган маблағларнинг 1,0 фоиз миқдоридаги ажратмалар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тушумлардан шакллантирилиши кўзда тутилмоқда. Мазкур Жамғарма маблағларидан қуйидаги йўналишларда фойдаланиш белгиланмоқда: 

Университет учун ўқув дарсликлар, илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш, жумладан, хорижий адабиётларни харид қилиш, иқтидорли талабалар учун бериладиган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендия харажатларини қоплаш ва “Муҳаммад ал-Хоразмий авлодлари” илмий журнали нашр этилишини молиявий қўллаб-қувватлаш; 

Университет ва Марказнинг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасидаги илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини танлов асосида молиялаштириш, уларнинг илмий ва ўқув лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар, зарур материаллар ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш; 

Университетнинг иқтидорли талабалари, профессор-ўқитувчилари ва ёш илмий ходимларини етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, Университетда дарс бериш ва Марказда илмий тадқиқотлар ўтказиш учун юқори малакали хорижий мутахассислар ва олимларни жалб қилиш. 

Қарор доирасида назарда тутилган барча тадбирлар мамлакатимизда иқтисодиётнинг инновацион тараққиётини таъминлашда, илм-фан ва кадрлар тайёрлашнинг ролини кучайтириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг муваффақиятли амалга оширилишига хизмат қилади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу қарори юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илм-фаннинг нуфузини ошириш, профессор-ўқитувчиларнинг шарафли меҳнатини қадрлаш, кадрлар интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш, уни ташкиллаштириш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш, университетнинг моддий-техник базасини тубдан яхшилаш, унинг хорижий давлатлардаги нуфузини кўтариш, иқтидорли ёшларни илм-фанга кўпроқ жалб қилишга кенг йўл очади.

Киритилган вақти: 17/03/2017 15:00 Кўрилганлиги: 5261
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишни, онлайн қилиш қанчалик зарур?

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 122
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг