Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Россиянинг Красноярск ўлкасига ташриф буюрди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ташриф Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига апрель ойига мўлжалланган ташрифи арафасида бўлиб ўтмоқда.
2017 йил 23 март куни Ўзбекистон вакиллари Красноярск ўлкаси губернатори Виктор Толоконский билан музокаралар ўтказишди.
Ўзбекистон раҳбарияти РФ билан минтақавий ҳамкорлик ривожига катта эътибор қаратмоқда. Шу муносабат билан айтиш мумкинки, мазкур ташриф минтақалараро узоқ муддатли, ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилиши йўлида қўйилган биринчи қадамдир. Унда икки мамлакат ҳамкорлигининг асосий йўналишлари белгилаб олинди:
1. Савдо-иқтисодий ҳамда инвестицион соҳалар;
2. Маданий-гуманитар, шунингдек туризм, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари;
3. Меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик.
Шуҳратбек Абдураҳмонов учрашув давомида тўқимачилик, мева ва сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш, миграция йўналишларида ўз таклифларини билдирди. Жумладан, Красноярск ўлкасининг йирик савдо тизимларини Андижон корхоналари билан узоқ йилларга мўлжалланган алоқалар ўрнатиб, ҳар икки ҳудудда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш йўлида хизмат қиладиган ваколатхоналарни ишга туширишга келишиб олинди.
Учрашув давомида томонлар Красноярск ўлкаси ва Ўзбекистон ўртасида савдо, туризм, маданият ва спорт соҳаларида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди.
Куннинг иккинчи ярмида эса Ўзбекистон ва Красноярск ўлкаси тадбиркорлари ўртасида Бизнес форум ўтказилди. Тадбир давомида мезбон ўлка ишбилармонлари ва юртимизнинг тадбиркорлар палатаси вакиллари ҳамкорликка доир меморандумни имзолашди.