Андижон вилоятидан Шаҳрисабз шаҳрига Халқаро мақом санъат анжуманида иштирок этиш учун келган делегация аъзолари тадбирга байрамона руҳият олиб киришга алоҳида ҳисса қўшиш мақсадида тайёргарлик ишларида намуна кўрсатиб иш ташкил этмоқдалар. Санъаткорлар вилоятимиз учун ажратилган саҳнада куй ва қўшиқларни ижро этиб, маҳоратларини чархламоқдалар. Пахтаободдан келган дорбозлар машғулот олиб бораётган бўлсалар, вилоятимизнинг таниқли аскиячилари, бадиий жамоалар раққослари, карнай - сурнай ижрочилари мураббийлари кўмагида ҳозирлик кўрмоқдалар.
Вилоят қўғирчоқ театри жамоаси ҳам ўз репертуари билан байрам тадбирига пухта тайёргарлик кўрди. Бу ерда улар янги томошаларга янада сайқал бермоқдалар.
Вилоят кутубхона ахборот ресурс маркази жамоаси ҳам анжуманга тайёргарлик ишларида фаол иштирок этмоқда. Марказ 500 га яқин адабиётлар билан иштирок этади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари, ҳаёти ва фаолиятига бағишланган адабиётлар, вилоятимизнинг таниқли ижодкорларнинг энг сара китоблари кўргазмадан ўрин олади.
Байрамона кайфиятда, юқори савияда ўтиши кутилаётган анжуманга вилоятимизнинг санъат ва маданият ходимлари бир жамоа бўлиб Андижондаги янгиликларни, халқимизнинг турмуш тарзи, ютуқларини акс эттирадилар.
Анжуманга кўрилаётган тайёргарлик ишларида иштирок этаётган хорижлик меҳмонлар вилоятимиз ҳунармандларининг ишларидан кўзлари қувонмоқда. Андижон давлат тиббиёт институтида таҳсил олган Габриэл Кайимов ҳозир Исроилда истиқомат қилади. У Шаҳрисабзда ўтадиган анжуманда иштирокчи бўлаётганидан мамнун. Ўтган 27 йил ичида юртимиздаги улкан ўзгаришлардан ҳурсанд.
Ҳар куни янгиликлар билан бойиб бораётган майдонда олиб борилаётган ишлардан кишининг дили яйрайди. Ҳақиқий мўъжиза эса саноқли кунлардан сўнг рўй беради. Буни бутун дунё интизорлик билан кутаётгани шубҳасиз.
Эслатиб ўтамиз шу йилнинг 5-10 август кунлари Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъат анжумани бўлиб ўтади ва унда 70 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.